Самарқандда фуқаро А.В.Павленко вилоятдаги Шохи-Зинда кўчасида жойлашган Афросиёб археологик объекти яқинида ер қазиш ишлари олиб борилгани ҳақида президент веб-сайтига мурожаат қилган. Бу бўйича Маданий мерос агентлиги 16 май санасида вилоят маданий мерос бошқармаси ва археология институти ходимлари ўрганиш олиб борганини маълум қилди.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Маълум бўлишича, ЮНEСКО томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Афросиёб археологик объекти яқинида ободонлаштириш билан боғлиқ иншоот қуриш учун 9x9x2,5 метр ўлчамдаги 180 метр куб ер кавланган. Кавланган чуқур ўрганилганда ўрта асрларга оид сопол буюм қолдиқлари, ғишт бўлаклари ва чуқурнинг юқори қисмида қабристон қолдиқлари аниқланган.

«Мазкур воқеани инобатга олиб, қазиш ва қурилиш ишларини олиб борган ташкилот бўйича аниқлик киритган ҳолда, ушбу ташкилотга нисбатан чоралар кўрилади», — дейилади хабарда.