2021 йилда UzAuto Motors фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатларга асосан автомобилларни етказиб бериш муддатларига риоя этилмаганлиги аниқланди. Бу Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан жорий йил бошидан бери ўтказилган таҳлиллар натижасида тасдиқланди.

«Таҳлилларга кўра, 68 та дилерлик ташкилотлари томонидан 5 мингдан ортиқ ҳолатда автомобилларни шартномаларга мувофиқ белгиланган муддатларда етказиб берилмаганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Агентлик маълумотига кўра, ҳозирги кунда белгиланган муддатда етказиб берилмаган кунлар учун истеъмолчиларга пеня тўлатиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, 3 мартдан компания ўз шартномасига етказиб бериш кунлари кечиктирилгани учун компенсация ҳисоблаш тўғрисидаги бандни киритди.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.

Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 20 декабрь куни 1 февралга қадар Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатганди. Компания бу вақт ичида аввалги буюртмалар етказиб берилишини маълум қилиб, харидорлардан ноқулайликлар учун узр сўраган. Кўрсатилган муддатда эса Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилиш қайта тикланмади. «Газета.uz»нинг автомобиль саноатидаги манбаси бунга январдаги «блэкаут» сабаб бўлганини айтганди.

11 февралга келиб, Шавкат Мирзиёев одамлар автомобилга пул тўлаб қўйиб, машинасини ололмаётганини танқид қилганди. «Одамлар норози, биз тўлаб қўйганмиз, машинани бер эй давлат раҳбарлари, деяпти. Худога шукр, иқтисодиётимиз ривожланяпти, одамларнинг машинага талаби ошиб боряпти», — деганди у.

Ўшанда президент 1 майга қадар навбатларни бартараф этиш ва UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизгача камайтиришга кўрсатма берганди. Бунга қадар депутат Расул Кушербаев эса ҳали олмаган автомобили учун одамлар 15 фоиз тўлов қилиши ҳам етарли эканлигини таъкидлаганди.

Февраль ойида «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов Uzauto Motors автомобилларини харид қилишдаги навбатлар бузилиши дилерлар берган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда содир бўлаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, компания машина олишдаги навбатларни айланиб ўтиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида савдо маълумотлар базасини ЙҲХББ маълумотлар базаси билан интеграциялашни режалаштирмоқда.

4 март санасидан эса UzAuto Motors янги автомобилларига шартнома тузиш бошланган илк кундаёқ, сотилган машиналарнинг 52 фоизи қайта сотиш эҳтимоли билан харид қилинганини маълум қилди. Хусусан, бир шахс томонидан 35 та автоуловга шартнома тузилгани аниқланган. Компания қайта сотувчилар учун етказиб бериш муддатини яна 120 кунга оширишини эслатиб ўтди.