Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Самарқанд шаҳрида қозоғистонлик туристлар билан содир бўлган можарога муносабат билдирди, деб хабар қилди «Казинформ».

«Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги вазиятга ойдинлик киритиш учун хат билан мурожаат қилди. Биз ўз фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз», — деди Айбек Смадияров. Унинг сўзларига кўра, вазирлик Самарқанд ички ишлар идоралари ходимлари Қозоғистон фуқаросига нисбатан электрошокер ишлатган воқеа видеосини ўрганиб чиққан.

«Ўзбекистонда жамиятнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларини қораламоқда. Шунга қарамасдан биз вазиятни назорат қилиб турибмиз», — деди ТИВ вакили.

«У ерда ички тергов олиб борилмоқда, ходимлар [ишдан] четлаштирилган. Биз бунга аралашмасликка ҳаракат қилаяпмиз ва фақат фуқароларимиз ҳимоясига тегишли қисмини кузатиб бораяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, 21 майга ўтар кечаси Самарқанд ИИБ ходимлари бир нафар қозоғистонлик ва икки нафар маҳаллий туристга нисбатан электрошокер қўллаган ҳолда мажбуран бўлимга олиб боришгани ҳақида ёзгандик. Видеоларда ходимлар шаҳарда «Хавфсиз тун» тадбири олиб борилаётгани ва соат 23:00 дан кейин кўчада юриш мумкин эмаслиги ҳамда уларга «режа» қўйилганини таъкидлашган. ИИВ «ходимлар хизмат вазифаси ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганини» маълум қилди.