Ўзбекистонда «Маданий мерос ва ижод платформаси» ишга туширилади, дея хабар берди Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати. Платформанинг ишга туширилиши вазирликлар, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда маданият ва туризм соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар вакиллари томонидан муҳокама қилинди.

Электрон платформадан кўзланган мақсад — Ўзбекистонда маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш, ижодкорликни ва барқарор туризмни ривожлантиришдан иборат. Унинг фаолияти маданий мерос объектлари, табиат ёдгорликларини муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда экологик туризмни ривожлантиришга ёрдам бериши режалаштирилган.

Платформа вазифалари:

  • Ўзбекистонда барча манфаатдор томонлар амалга ошираётган маданий дастурлар/лойиҳалар/ташаббусларни доимий асосда аниқлаш ва хариталаш;
  • ҳамкорликни таъминлаш орқали амалга оширилаётган фаолият/лойиҳаларнинг қийматини ошириш;
  • алоҳида ёндашувдан қочган ҳолда маданият билан боғлиқ барча ишларни жорий сиёсат ва стратегиялар, аниқланган эҳтиёжлар ва бошқалар асосида мувофиқлаштирилган тарзда йўналтириш;
  • хариталаштирилган иш натижалари асосида маданий мерос соҳасида халқаро ҳамкорлик, алоқа ва ёрдамни кучайтириш, маҳаллий ва халқаро институтлар ҳамда барча манфаатдор томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, фикр ва тажриба алмашиш учун майдонни таъминлашдан иборат.

Ўзбекистоннинг 5 та объекти ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган: Ичанқалъа (1990 йилда киритилган), Бухоронинг тарихий маркази (1993), Шаҳрисабзнинг тарихий маркази (2000), Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси (2001), Ғарбий Тян-Шан (2016).