Ўзбекистон Марказий банки Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига кўплаб фуқаролардан тижорат банклари томонидан уларнинг кредит сўровлари тушунарсиз сабабга кўра рад этилаётгани бўйича келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан жавоб берди.

Мурожаатчиларнинг изоҳлашича, банклар уларга «Марказий банкнинг қарз олувчилар бўйича «қора рўйхат"ига («чёрный список») киргани ва бундай рўйхатга тушганларга кредит берилмаслигини» важ қилиб кўрсатишмоқда.

Марказий банкнинг қайд этишича, банк тизимида «қора рўйхат» тушунчаси, умуман, кредит ажратилиши тақиқланган фуқаролар бўйича тузилган «махсус рўйхат» ёки маълумотлар базаси мавжуд эмас.

«Қора рўйхат» тушунчаси етарли билим ва малакага эга бўлмаган айрим банк ходимлари томонидан кредит аризасини кўриб чиқиш жараёнида илгари олинган ёки жорий кредити бўйича тўловларни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан кечиктириб тўлаган фуқароларга «қора рўйхатга тушиб қолгансиз» деб изоҳ бериши (тушунтириши) оқибатида вужудга келмоқда, дейилади хабарда.

«Ушбу ҳолат аслида фуқаронинг „кредит тарихи“ маълумотлари билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда ундан барча кредит берувчи ташкилотлар фуқарога кредит беришдан олдин ушбу маълумотлардан фойдаланишмоқда», — дея маълум қилди регулятор.

«Кредит тарихи» нима ва унинг қандай аҳамияти бор?

Фуқароларнинг кредит битимлари, уларнинг ижро этилиши ҳолати, жумладан, илгари қайси кредит ташкилотларидан қанча миқдорда кредит олгани, кредит тўловларини ўз вақтида тўлагани, бошқа кредитлар учун берилган амалдаги кафилликлар ҳамда жорий кредит қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи «кредит тарихи» деб аталади.

Умрида бир марта бўлса ҳам банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари, маиший техника дўконлари, мебел дўконлари ва бошқаларнинг кредит хизматларидан фойдаланган ҳар қандай шахс кредит тарихига эга бўлади.

«Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга кўра, кредит тарихи қарздорнинг мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади ва беш йил мобайнида сақланиши шарт.

Кредит ташкилотлари «кредит тарихи» маълумотлари асосида потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини баҳолайди, яъни қарз олувчи олаётган кредити бўйича мажбуриятларини келгусида лозим даражада бажара олиш имконияти, илгари олган кредитлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажарганлиги, бошқа кредит ташкилотларидан ҳозирги қарздорлиги миқдори каби маълумотларни ўрганиб чиққан ҳолда фуқаронинг кредит тўловларини тўлаш борасида қай даражада интизомли ва масъулиятли эканлиги тўғрисида хулоса чиқаради.

Ҳар бир кредит ташкилоти ўзининг кредитлаш тартиби талаблари ва кредитнинг қайтмаслик рискини баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, потенциал қарз олувчининг кредит тарихи маълумотлари, даромади ҳамда таклиф этилаётган кредит таъминотини таҳлил қилади ва якунда кредит ажратиш ёки ажратмаслик юзасидан мустақил қарор қабул қилади. Ўз навбатида, мазкур қарорлар турли кредит ташкилотларида турлича бўлиши мумкин.

Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фуқароларни «кредит тарихи» ҳисоботида муддати ўтган қарздорлик тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун кредит ва бошқа молиявий мажбуриятлари бўйича тўловларни ўз вақтида тўлаб боришга чақирди.

МБ қарз бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришда маъсулиятсизликка йўл қўйиш, яъни кредит тўловларини белгиланган муддатлардан кечиктириб тўлаш ҳозирча арзимас бўлиб туйилса ҳам, келгусида кредит ташкилотларидан қарз олиш имкониятини пасайишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Марказий банк апрель ойи охирида шартнома шартларини ўқимай туриб, кредит олиш бўйича кафил бўлган фуқаролардан қарздор кредитни қайтармаганида банклар кафилларнинг карточкаларидан қарзларни ундираётгани ҳақидаги мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилган эди. Марказий банк кредит тарихини ёмонлаштириши мумкин бўлган бундай битимларнинг рисклари ҳақида огоҳлантирган ва шартномалар шартларини ўрганишни тавсия қилганди.