Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати Наманганда мактаб ўқувчиси автомобилда ноқонуний ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида ўз тенгқурини босиб кетгани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, 2022 йил 20 май куни соат 14:45ларда Наманган вилояти Косонсой тумани «Кушон МФЙ» Ҳуррият кўчасида «Ваз-2106» русумли автомобилда ҳаракатланиб кетаётган 2008 йилда туғилган, вояга етмаган бола (тумандаги 5-сонли мактабнинг 7-синф ўқувчиси) бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг ўнг четида кетаётган пиёда, 2008 йилда туғилган Х.Б.ни уриб юборган.

ЙТҲ натижасида пиёда Х.Б. оғир тан жароҳатлари олгани сабабли шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Косонсой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу сўнгги уч сутка ичида Ўзбекистон йўлларида ЙТҲ оқибатида содир бўлган саккизинчи ўлим ҳолатидир. 22 май куни Тошкент вилояти Бекобод туманида «ВАЗ-2104» ва Cobalt автомашиналари тўқнашиб, икки киши (улардан бири 2022 йилда туғилган) вафот этган эди. Шунингдек, 23 май куни Сирдарё вилояти Ховос туманида Lacetti ва Nexia автомобилларининг тўқнашуви оқибатида 5 киши, жумладан, кичик ёшдаги болалар ҳалок бўлди.