21 май куни Қирғиз Республикаси Баткен вилояти Қадамжой тумани орқали Ўзбекистоннинг Сўх тумани ҳудудига ҳаракатланиб келаётган фура ЙТҲга учради. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов хабар берди.

Воқеа тахминан соат 15:30 лар атрофида содир бўлган. Устига бульдозер юкланган (02 КG 899 РС рақамли) юк машинасининг тормоз ускунаси ишдан чиқиб, ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган.

Фото: ИИВ.

Бунинг натижасида «Чечме» (Қирғиз) чегара ўтказиш пункти ва «Чашма» (Ўзбекистон) чегара ўтказиш пункти орқали рўйхатдан ўтиш учун навбатда турган жами 12 та (2 та Ўзбекистон ва 10 та Қирғиз Республикаси) автомашиналарга урилиб, уларга шикаст етказган.

«Автоҳалокат натижасида, бирламчи маълумотларга кўра, 9 нафар фуқаро (шулардан, 1 нафари Ўзбекистон, қолган 8 нафари Қирғизистон фуқароси) вафот этган», — дейилади хабарда. Яна 5 киши (1 нафари Ўзбекистон фуқароси, қолгани қирғизистонликлар) Сўх тумани тиббиёт марказида тиббий ёрдам кўрасатилиб, яшаш уйига рухсат берилган.

Жароҳатланганларга тез-тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: turmush.kg.