20 май куни Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар Сенатнинг 26-ялпи мажлисини 28 май (шанба) куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

  • «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги,
  • «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги,
  • «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги,
  • «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Қолаверса, ялпи мажлисда Сенат Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитади.

Сенаторлар иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистонда бажарилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқади.

Бундан ташқари, интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.

Шунингдек, енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқиш назарда тутилган.