Ўзбекистон президенти 20 май куни доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Ҳужжатда доривор ўсимликлар етиштириш, уларни қайта ишлаш ва сақлаш билан шуғулланувчи кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлар учун солиқ ва кредит имтиёзлари берилган. Доривор ўсимликлар кластерлари учун имтиёзлар 2020 йилдаёқ тақдим этилганди.

2022−2026 йилларда 36 000 гектар майдонда қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайҳон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампир ялпиз ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш бўйича плантациялари ташкил этилади. Доривор ўсимликларнинг асосий турларини етиштиришга ихтисослашган туманлар рўйхати 2020 йилда тасдиқланган.

Ҳар 10 гектар ер майдонидаги доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ қазиш, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш мақсадида насос станциясини қуришга сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилади.

2025 йил 1 январга қадар доривор ўсимликларни етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган ер солиғи, фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Мазкур имтиёзни қўлга киритиш учун шарт қўйилган: маблағлар доривор ўсимликлар плантацияларини кенгайтиришга йўналтирилиши керак.

Ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари ҳамда биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё ва материаллар, қадоқлаш материаллари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади.

Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш учун фойдаланиладиган технологик ва лаборатория ускуналари, вентиляция тизимлари, асбоб-ускуналар, хомашё, материаллар, кимёвий препаратлар ҳамда ҳимоя воситаларини олиб киришда ҚҚСни 180 кунга кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

Доривор ўсимликлар хомашёси ҳамда ундан тайёрланган БФҚлар, эссенциялар ва экстрактларни экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларининг экспорт учун сарфланган автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.

1 сентябрдан бошлаб дорихона сотув зали пештахталарининг камида 10 фоизига доривор ўсимликлар хомашёсидан тайёрланган БФҚлар ва дори воситаларини жойлаштиришни дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишнинг лицензия талаблари ва шартларига киритиш чоралари кўрилади.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 100 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали:

  • фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга — доривор ўсимликларни етиштириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади;
  • доривор ўсимликларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга — етиштирилган маҳсулотни харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойлик «револьвер» кредитлар ажратилади. Бунда ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.

Доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлашни молиялаштириш учун Жаҳон банкининг «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш», «Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳалари ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни тижорат банкларига ажратиш чоралари кўрилади.

Бунда ушбу маблағлар миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада тижорат банкларига ресурс сифатида жойлаштирилади. Тижорат банклари 5 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга йиллик 17 фоиз ставкада (шундан 3 фоизи банк маржаси) тижорат кредити ажратади.

Аҳоли томонидан ёввойи доривор ўсимликларни ноқонуний йиғиш (браконерлик) кейинчалик қайта ишлаш ёки қайта ишлашга топшириш ҳудудларда катта муаммо ҳисобланади. Назоратсиз, ноқонуний йиғим-терим биохилма-хилликка катта зарар етказади, ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликларнинг йўқотилишига, тоғ олди ва тоғ ерларининг яшил қопламининг нобуд бўлишига олиб келади. Табиий ресурсларнинг бундай талон-тарож қилиниши тупроқ деградациясига ва миллий миқёсда катта иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлади.

Президент фармонида Олий Мажлис палаталарига доривор ўсимликларни табиий муҳитдан териб олишга квота ажратиш ва унинг шартларига қатъий риоя қилиниши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тавсия этилган.