Жорий йилнинг 1-чорагида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 73 та муассаса, жумладан, 27 та касбий таълим ҳамда 43 та ОТМда «Давлат аудити» дастури доирасида профилактика тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда вазирлик Ички аудит хизмати бошлиғи Салоҳиддин Тошматов маълум қилди.

Натижада жами 11,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланди. Шундан 10,1 млрд сўмлик мақсадсиз ва ортиқча харажатларнинг олди олинди, 1,6 млрд сўмлик қисми профилактик тадбирлар жараёнида ундирилиб тикланди, дейилади хабарда.

Муассасаларда ўтказилган инвентаризация жараёнида балансда акс эттирилмаган 8,7 млрд сўмлик моддий бойликларни ташкилот балансига киримга олиниши таъминланди. 912,2 млн сўмлик ортиқча тўланган иш ҳақи ва бошқа турдаги ҳисоб-китоблар кейинги ойларда ҳисоб-китоб қилиш учун ундирувга қаратилди.

Бундан ташқари, профилактика тадбирларини ўтказиш жараёнида 3 та ташкилотда аниқланган 259 млн сўмлик хато ва камчиликларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.

Молиявий камчиликларга йўл қўйилган ташкилотлардаги раҳбар ва масъул ходимларнинг 4 нафари лавозимидан озод этилди. 31 нафарига нисбатан интизомий, 1 нафарига нисбатан эса жарима жазо турлари қўлланилди.