Ўзбекистонлик тадқиқотчиларга Усмонлилар империясининг тарихий архивини ўрганиш имкониятини қўлга киритди. Бу ҳақда Туркиядаги Туркий тиллар тарихи ва маданияти «TURKTAV» жамғармаси раҳбари Омер Низаметтин Айкурт «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

20 май куни форум доирасида «TURKTAV» жамғармаси ва Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Қўлёзмаларнинг асл нусхалари «Ипак йўли» Туризм ва маданий мерос университетининг кутубхонасига топширилди.

Омер Низаметтин Айкуртнинг сўзларига кўра, Усмонлилар империясининг тарихини ўрганиш орқали ўзбек олимлари Ўзбекистон тарихига оид бир қатор ҳужжатларни тиклашлари мумкин бўлади.


Ушбу лойиҳа доирасида Туркия архивларидан Бухоро, Қўқон ва Хоразм хонликларига тегишли ҳужжатлар топилди. Турк дунёси маданий меросини айирбошлаш юзасидан ушбу архив ҳужжатлари катта аҳамиятга эга, дейди туркиялик мутахассис.

«Айни вақтга қадар жамғарма томонидан 55 минг электрон қўлёзма ҳужжатлар рақамлаштирилган. Усмонлилар давлатининг олти асрлик ҳукмронлик даврида ўзи бевосита алоқадор бўлган мамлакатларнинг географияси ва тарихига оид миллионлаб ҳужжатлар тўпланган», — деди туркиялик мутахассис.

«Бугунги кунгача етиб келган бу ҳужжатлар Туркия архив фондларида сақланмоқда ва уларнинг сони миллионларни ташкил этади. Унда Усмонлилар империяси таркибида бўлган ва бугунги кунда мустақилликка эришган қарийб 40 давлат, шунингдек, XV-ХХ асрларда Япониядан Америкага қадар мавжуд бўлган юзлаб мамлакатлар тарихига оид ҳужжатларни ўз ичига олади. Архивда ушбу давлатларнинг ХХ асргача бўлган тарихини ёритиб турувчи ҳужжатлар мавжуд», — деди «TURKTAV» жамғармаси раҳбари.

Таъкидланишича, туркий архив фондларида тарихий Туркистон хонликларининг фармонлари, ўзаро муносабатлари, шунингдек, атрофдаги давлатлар ва бевосита ёки билвосита Усмонлилар давлати билан муносабатларига оид минглаб ҳужжатлар мавжудлиги шубҳасиз.

Ушбу материалларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:

  • хонликларнинг ўз ички динамикаси доирасидаги кураш;
  • ўша даврнинг энг муҳим мусулмон давлати бўлган Усмонли давлатини ўзини мустаҳкамлаш мақсадида халифалик кучи билан қўллаб-қувватлашга уринишлари;
  • элчихона делегациялари томонидан юборилган мактублар ва Усмонли империясининг юқори мартабали раҳбарларидан ушбу хатларга жавоб сифатида ёзилган мактублар;
  • элчихона делегациялари томонидан сўралган ҳарбий ёрдам ва тўп (қурол) усталарини жўнатиш;
  • элчихона делегацияларини жойлаштириш, совғалар, маъмурий харажатлар, томошабинлар, мукофотлар;
  • Туркистонлик зиёратчилар учун зиёрат йўллари хавфсизлигини таъминлаш;
  • туркий зиёратчиларни Макка ва Мадина шаҳарларида зиёрат қилишлари учун жойлаштириш, шунингдек, камбағал зиёратчиларни қайтариш харажатлари;
  • сўралган китобларни Туркистон мадрасаларига жўнатиш;
  • Туркистон аҳолисини, хусусан, Усмонлилар ҳудудида яшовчи ўзбекларни кўчириш бўйича операциялар, жумладан, Усмонли фуқаролигини олганларни коммунизациядан чиқариш операциялари;
  • Усмонли таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбек талабалари, уларга шароит яратиш ҳақида;
  • Усмонлилар империяси ҳудудида яшовчи ўзбеклар томонидан яратилган фондлар, бу фондларни бошқариш, улар амалга оширган фаолият;
  • Усмонлилар маъмурияти ҳурмат қилган ўзбек уламоси — унинг руҳонийлари ва ўғиллари солиқ ва шунга ўхшаш мажбуриятларни тўлашдан озод қилинган.

Таъкидланишича, бундай ҳужжатлар Усмонлилар архивининг фармон тўпламларидандир. Туркиянинг 1923 йилдан кейинги даврига оид ҳужжатлар сақланадиган Республика архивларида Ўзбекистон билан 1991 йилдан сўнг ўрнатилган сиёсий-дипломатик муносабатлар доирасида савдо, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорлик шартномалари бўйича ҳужжатлар мавжуд.

«Турк дунёси маданий меросини айирбошлаш миссиясини ўз фаолиятининг муҳим қисми деб билган жамғарма учун ушбу архив ҳужжатлари катта аҳамиятга эга», — дея таъкидлади жамғарма раҳбари.