Молия вазирлиги 2022−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси қабул қилинишига оид президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Унга кўра, 2022−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитасини» қабул қилиш кўзланган.

Қуйидагилар стратегиянинг устувор йўналишлари этиб белгиланади:

  • давлат ижтимоий ёрдам ва хизматларини кўрсатишда ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашувни қўллаш;
  • ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш, жумладан ижтимоий хатарлар юзага келганда, ушбу ҳуқуққа эга бўлган барча шахсларни солидар равишда ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш;
  • хавф остида бўлган оилалар ва болалар, ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар, зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва болалар ҳамда қарияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий хизматлар кўламини такомиллаштириш ва бошқалар.

Фуқароларнинг кутилмаган ҳолатларда — вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, бахтсиз ҳодиса, иш ўринларининг қисқариши ва бошқа ҳолатларда даромадсиз қолишдан ҳимоя қилиш мақсадида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан:

  • биринчи босқичда, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади. Бунда, ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг унинг меҳнат стажи ва иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланган миқдорининг қолган қисмини тўлаш иш берувчилар ҳисобидан амалга оширилади;
  • иккинчи босқичда, 2024 йилдан бошлаб хўжалик корхоналарида расмий ишловчи аёлларга умумий иш стажи ва суғурталанган стажи ҳамда ўртача иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш ва бу орқали ушбу харажатлар иш берувчи зиммасидан тўлиқ олинади;
  • учинчи босқичда, 2025−2030 йилларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, ишсиз қолиш нафақаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари оқибатидаги суғурта тўловлари амалга оширилади.

2022 йил 1 августдан бошлаб, бюджетдан ташқари Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган 5 та штат бирлигидан иборат Ижтимоий суғурта жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилади.

Расмий ишловчи ходимларда ижтимоий суғурта ходисалари юзага келганда қонунчиликда белгиланган тартибда кафолатланган тўловларни амалга оширилишини таъминлаш Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Эслатма: мазкур президент фармони ҳали лойиҳа бўлиб, у жамоатчилик муҳокамаси босқичида. Таклифлар эса 3 июнга қадар қабул қилинади.

Аввалроқ, 2022 йилнинг апрель ойи охирларида президент 1 сентябрдан бошлаб ҳомиладорлик нафақаси тўловларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби жорий этилишини маълум қилганди. Бунинг учун Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, унга жорий йилда бюджетдан 170 млрд сўм ажратилиши белгиланди.