Юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш ҳуқуқида ер участкаларини хусусийлаштириш бошланди

Давлат активларини бошқариш агентлиги юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини хусусийлаштириш бошланганини маълум қилди. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

1 июндан ойлик иш ҳақлари оширилади

1 июндан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12 фоизга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам ва базавий ҳисоблашнинг янги миқдорлари белгиланмоқда.

1 сентябрдан ўқувчилар учун ягона мактаб формаси тўлиқ жорий қилинади

Ҳукумат 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этишга қарор қилди. Дастлаб, буни 2019 йилда амалга ошириш режалаштирилган эди, аммо жамоатчилик норозилиги туфайли муддат 2024 йилга қолдирилганди. Кам таъминланган оилаларга формани харид қилишга кўмаклашилади.

«Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдидаги чорраҳа ва кўчалар таъмирланади

Шанба кунидан Тошкент шаҳридаги Самарқанд дарвоза, Кўкча дарвоза ва Қоратош кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ҳокимият бу вақтда йўллар ёпилмаслиги, балки транспорт ҳаракати қисман чекланишини маълум қилди.

Тошкентда автобусга чиқиш олд эшикдан, тушиш орқа эшикдан бўлади

«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчилар энди автобус ва электробусларга олд эшикдан чиқиб, орқа эшикдан тушиши ҳақида маълум қилди. Бу уларга қулайлик яратиш ва транспорт маданиятини шакллантириш мақсадида жорий этилгани айтилди.

«Ўз уйимизни ёқиб юбормасдан туриб, қайта тикланувчи энергияга ўтишимиз керак» — Антониу Гутерриш

Экстремал об-ҳаво ҳолати — Ердаги иқлим ўзгаришининг кундалик «юзидир», дейилади Жаҳон метеорология ташкилотининг янги ҳисоботида. Глобал энергия ишлаб чиқаришни зудлик билан ўзгартириш орқалигина иқлим ҳалокатининг олдини олиш мумкин. БМТ қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш режасини таклиф қилди.

Ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Президент фармони лойиҳасига кўра, 2022−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясини тасдиқлаш кутилмоқда. Унга кўра, фуқароларни бахтсиз ҳодиса, иш ўринлари қисқариши ва бошқа ҳолларда даромадсиз қолишдан ҳимоялаш мақсадида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Шунингдек, 6 ой давомида узликсиз ишлаган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисмини давлат, қолганини эса иш берувчи тўлаб бериши режа қилинаяпти.

Мактублардан тортиб фармонларгача: ўзбек олимлари Усмонлилар империясининг тарихий архивини ўрганади

Туркиянинг «TURKTAV» жамғармаси ўзбекистонлик тадқиқотчиларга Усмонлилар империясининг тарихий архивларга кириш имкониятини тақдим этди. Бу орқали ўзбек олимлари Ўзбекистон тарихига оид бир қатор ҳужжатларни тиклашлари мумкин. Жамғарма 55 минг қўлёзмани рақамлаштирган бўлиб, улар қаторидан Туркистон хонликларининг фармонлари, мактублар, Усмонлилар давлати билан муносабатларига оид ҳужжатлар жой олган.

«O‘zmedimpeks» директори лавозимидан озод этилди

Соғлиқни сақлаш вазири «фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйгани» учун «O‘zmedimpeks» ДУК раҳбари Диёрхон Каттаходжаев ҳамда вазирлик бошқармаси масъул ходимини ишдан бўшатди.

Хориждан қайтган мигрантлар учун Реинтеграция марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига мувофиқ, туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг Реинтеграцияси марказларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Марказлар мигрантларга иш топиш, ўз бизнесини бошлаш, субсудия ва имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашади.

Ўзбекистон хориждан қайтган меҳнат мигрантларини қандай қилиб иш билан таъминламоқчи?

Меҳнат вазирлиги хорижда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни кўриш таклифини билдирди. Улар қаторидан «50×50» дастури доирасида 40,5 млн сўмгача ҳамда ҳар бир мигрант учун иш берувчига 405 минг сўмдан субсидиялар ажратиш, 1 гектаргача ерни 30 йилга ижарага бериш, қолаверса, 50 мингдан ортиқ мигрантни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ўрин олган.

Мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари билан «маҳаллабай» ишлаш таклиф этилмоқда

Хориждан қайтган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига «маҳаллабай ишлаш» тизими асосида хизматлар кўрсатиш режалаштирилаяпти. Президент қарори лойиҳасига кўра, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, меҳнат инспектори ёрдамчиси ва маҳалла раиси уларнинг эҳтиёжларини аниқлаб, онлайн платформаларни тўлдиради. Шунга кўра, уларга ишсизлик нафақаси, субсидия ва стипендия берилади.

2030 йилга бориб ЯИМ $160 млрдни ташкил этади — Жамшид Қўчқоров

Ўзбекистон ҳукумати давлат-хусусий шерикликни иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва ялпи ички маҳсулот ўсиши омилларидан бири деб ҳисоблайди, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. 2026 йилгача ДХШ лойиҳаларига 14 млрд доллар тўғридан-тўғри сармоя жалб этиш, 2030 йилга бориб эса ЯИМ ҳажмини 160 млрд долларга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари $745 млнга кўпайди

1 май ҳолатига Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 745 млн долларга кўпайиб, жами 35,9 млрд долларни, шу жумладан валюта қисми 13,5 млрд долларни, олтин қисми эса 21,3 млрд долларни ташкил этди.

Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича комиссияга Акмал Саидов раҳбарлик қилади

Парламент қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Унга амалдаги Конституцияни ишлаб чиқишда қатнашган, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Акмал Саидов раислик қилади. Комиссия «жамият — ислоҳотлар ташаббускори» ғояси асосида иш олиб боради.

Дам олиш кунлари жала ёмғирлар ёғиши ва шамол кучайиши кутилмоқда

Ўзгидромет шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг шимолий ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 28 м/с гача кучайишидан огоҳлантирди. Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига дам олиш кунлари деярли барча ҳудудларда ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши, тоғли ҳудудларда сел келиши кутилмоқда.

Эронлик режиссёр Ўзбекистонда Умар Хайём ҳақида фильм суратга олишни режалаштирмоқда

Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон миллий павильони очилди. Мамлакат медиа маҳсулотларни суратга олиш учун кинокомпаниялар ва телеканалларни жалб қилишни кўзлаяпти. Келиб чиқиши Эрондан бўлган канадалик режиссёр Мустафо Кешвари Ўзбекистонда Умар Хайём ҳақида фильм суратга олишни режалаштирмоқда.

Собир Шукуров Давлат тилини ривожлантириш департаментига мудир бўлди

ЎзА раҳбарининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланди. 2019 йилда давлат тилини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган департамент раҳбари лавозими ноябрдан бери вакант эди.

Ўзбекистонда уран, литий ва бошқа ноёб металларни қазиб олиш ҳажми оширилади

Президент ҳузуридаги тақдимотда геология соҳасини ривожлантириш, фойдали қазилмалар захиралари ва ерости сув ресурсларини кўпайтириш, уран, литий, алюминий, магний ва бошқа ноёб металларни қазиб олишга инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Депутат Twitter блокланиши сабаби юзасидан сўров юборди

Депутат Расул Кушербаев «Ўзкомназорат» га Twitter блокланишини асослантирилган ҳолда тушунтириб бериш ва тармоқдан чекловни олиб ташлаш чораларини кўриш масаласида сўров киритди. Унинг сўзларига кўра, бу каби чекловларнинг ижобий тарафидан салбий оқибатлари кўпроқ.