Агар Тожикистон Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги (ТБАВ) вазият ташқи террорчилар томонидан беқарорлаштирилаётганини исботласа, у ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) ёрдам сўраши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари, хавфсизлик бўйича эксперт Артур Медетбеков «Вечерний Бишкек» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу — мамлакат ҳудудидаги вазиятни ҳал қилиш учун КХШТнинг ҳарбий контингентини киритиш мумкин деганини англатади ва Қозоғистон шу каби вазиятда ташкилот аъзолари учун намуна бўлди.

«Тоғли Бадахшон автоном вилоятидан сўнгги бир неча кун давомида оммавий норозилик намойишлари ҳақида хабарлар келмоқда. Шунинг учун Тожикистонда Эмомали Раҳмон режимини сақлаб қолиш учун КХШТ қўлланилиши мумкин. Асосий масала: улар ростдан ҳам террорчиларми ёки ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ўз халқини шундай аташаяптими? Шунга қарамасдан, тинч аҳоли орасида Афғонистондаги террорист ва экстремистлар билан алоқада бўлган наркогуруҳлар бўлиши мумкин», — деди Артур Медетбеков.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир барчаси Тожикистон раҳбарияти қанчалик оператив ишлашига боғлиқ. «Шу нуқтаи назардан, КХШТ қўшинларини Тожикистон ҳудудига киритишни истисно қилиб бўлмайди», — деди эксперт.

Ҳозирги кунда КХШТ таркибига олти давлат — Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.

Аввалроқ, Тожикистон ИИВ намойишлар бўлиб ўтган Тоғли Бадахшонда бир киши вафот этгани, 13 нафар ҳарбий жароҳатланганини маълум қилганди. Расмийлар воқеани «жиноий гуруҳнинг жамоат хавфсизлигини бузиш ва аҳолини қўрқитиш мақсадида» уюштирган провокацияси сифатида баҳолади.

Вазирлик маълумотларига кўра, «200 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳлар барча турдаги қуролларни қўллаган ҳолда» Рушон тумани марказида уч нуқтада Душанбе-Хороғ автомагистрали ва чегара комендатурасигача бўлган йўлни тўсиб қўйган. Маълумотда қайд этилишича, «жиноий гуруҳлар аввалдан бу ҳаракатларни амалга оширишга тайёргарлик кўрган ва худди шу мақсадда хориждан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олиб келган».

«Уюшган жиноий гуруҳлардан катта миқдордаги қурол ва ўқ-дорилар, „Молотов коктейли“ мусодара қилинди», — дейилади хабарда. Гуруҳнинг бошқа аъзолари қуролларини топшириб, таслим бўлишга чақирилган.

ОАВ эса журналистларга босим ва ҳужумлар ҳақида хабар бермоқда. Эҳтимолий ташкилотчиларга нисбатан эса жиноят иши очилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги январь воқеаларида президент тартибсизликларни халқаро террористик агрессив ҳаракат деб атаб, КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларидан ёрдам сўраганди. Ўшанда Қасим-Жомарт Тоқаев аксилтеррор операция бошланганини маълум қилди ва Олмаотада аэропорт қўлга олинганини тасдиқлаганди.

Январнинг биринчи ҳафтасида КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистон президенти мурожаатидан сўнг, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида «Коллектив тинчликпарвар кучларни вақтинчалик миссия билан юборишга» қарор қилди.

13 январга келиб эса КХШТ тинчликпарвар контингентини Олмаотадан олиб чиқа бошлади. Ўшанда Қозоғистонга киритилган контингентнинг умумий сони 2030 нафар аскарни ташкил этган ва КХШТ кучлари Олмаота ҳамда Нур-Султон шаҳарларига жойлаштирилганди. Қозоғистон мудофаа вазири номидан ҳарбийларга миннатдорчилик билдирилганди, айримлари «Халқаро ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун» медаллари билан тақдирланганди.