БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россияни Украина портларидан ғалла хавфсиз олиб чиқилишини таъминлашга чақирди. У Украинанинг Қора денгиз портлари орқали озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз олиб чиқиш масаласини Россия, Украина, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан қизғин муҳокама қилаётганини ва «барча томонлар яхши ирода кўрсатиши» зарурлигини айтди, чунки масаланинг ечими иқтисодий ва молиявий оқибатларга олиб келади, хавфсизлик билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам мавжуд.

Жаҳон бозорларига энг йирик дон етказиб берувчилардан бири бўлган Украина февраль ойида Россия ҳарбий босқинининг бошланишидан бери тўсиб қўйилган портларидан дон олиб чиқа олмаяпти. Бу, айниқса, озиқ-овқат нархининг тобора ортиб боришига дош беришга қийналаётган энг қашшоқ мамлакатлар учун даҳшатли оқибатларга олиб келди, дея қайд этади БМТ.

Март ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари тарихий энг юқори даражага етди, йил давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (ёрма, ўсимлик ёғи, шакар, гўшт, сут) нархи ошди. Май ойида Украинадаги уруш глобал озиқ-овқат инқирозига олиб келгани, миллионлаб болалар тўйиб овқатланмаслик ва ўлим хавфи остида қолгани хабар қилинган эди.

Айниқса, Жанубий Осиё, шунингдек, оғир қурғоқчилик ва очарчилик кучайиб бораётган Африка шохи (Сомали, Эфиопия, Эритрея ва Жибути), қуролли тўқнашувлар давом этаётган Эфиопия ва Афғонистон мамлакатларида вазият қийин (ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, бу давлатларда очлиқдан азият чекаётган барча болаларнинг тўртдан бир қисми яшайди).

Украина донни бошқа транспорт турлари билан экспорт қилиш имкониятлари устида ишламоқда, деди Умумукраина аграр кенгаши раҳбари ўринбосари Денис Марчук. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Украинада сотилиши мумкин бўлган 20 млн тоннадан ортиқ ғалла қолган.

«Урушдан олдинги даврда экспортнинг 90 фоизи олиб ўтилган Қора денгиз портлари (ҳар ойда биз шерикларимиз учун 5 млн тоннага яқин дон туширар эдик) урушнинг биринчи кунларидан бошлаб тўсиб қўйилган. Табиийки, унинг ўрнига муқобил топиш жуда қийин. Бугун биз темир йўллар, Европа йўналишидаги автотранспортлар, дарё портлари орқали чиқадиган янги йўналишлар устида ишлаяпмиз. Албатта, буни тўлиқ муқобил деб аташ мумкин эмас, лекин биз ҳозир шундай шароитда ишлашга мажбурмиз. Март ойида биз шу тарзда 200 минг тоннага яқин, апрелда эса 1 млн тоннадан ортиқ дон экспорт қилдик», — деди украиналик аграр соҳаси вакили.

Украинада ғалланинг янги ҳосили бир ярим ойдан кейин йиғиб олинади, аммо бу вақтга келиб кўплаб ривожланаётган мамлакатларда дон захиралари деярли тугаши мумкин. Бироқ Украина Қора денгиз портлари Россия ҳарбийлари томонидан тўсиб қўйилган бир пайтда, бу захираларни тезда тўлдириш имконсиз бўлади, дея огоҳлантирди БМТ.