Ўзбекистон Марказий банки 20 майдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади.

Унга кўра, АҚШ долларининг курси кескин 42,37 сўмга пасайиб, 11 088,2 сўмни, евро эса 71,2 сўмга пасайиб, 11 642,61 сўмни ташкил қилди. Рубль 2,69 сўмга мустаҳкамланиб, рекорд даражадаги 177,91 сўмни ташкил қилди.

Долларнинг сўмга нисбатан курси динамикаси. 21 февралдан 20 майгача. Манба: «Газета.uz» / Марказий банк.

Доллар курси 11033 сўм даражасида бўлган 15 мартдан буён илк бор 11100 сўмдан пастга тушди, шундан сўнг сўм уч кун ичида 4,8 фоизга арзонлаб, рекорд даражадаги 11 571,99 сўмни ташкил қилди. Ўшандан буён Марказий банкнинг асосий ставкасини 17 фоизга ошириш ва уни ушлаб туриш, шунингдек, олтин экспорти ҳисобига валюта интервенсиялари фонида сўм хорижий валюталарга нисбатан барқарор мустаҳкамланиб бормоқда.

Тошкент валюта биржасида 19 май куни савдолар ҳажми 339,8 млн долларни ташкил этди, бу сўмнинг мустаҳкамланишига олиб келган катта миқдордаги валюта сотилганидан далолат бериши мумкин. Шу билан бирга, ўтган ҳафтада ҳажмлар 103 млн доллардан ошмади.

Марказий банк аввалроқ валюта курси нархларга қандай таъсир қилишини таҳлил қилган эди. Валюта курсининг ўзгариши инфляцияга тўғридан-тўғри — импорт қилинадиган тайёр маҳсулотлар нархларининг ўзгариши, шунингдек, билвосита — импорт қилинадиган хом ашё нархларининг ўзгариши туфайли таъсир кўрсатиши мумкин. Валюта курсининг 1 фоиз пунктга девальвацияси узоқ муддатли истиқболда базавий инфляцияни 0,28 фоиз пунктга тезлаштиради, дейилади регулятор шарҳида.