18 май куни эрталаб Тожикистон ИИВ Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Рушон туманида террорга қарши операция бошланганини эълон қилди.

Бунга 17 май куни уюшган жиноий гуруҳ аъзолари автомобиль йўлининг Рушон тумани ҳудудидаги давлат чегараси чизиғида жойлашган «Душанбе-Кулма» халқаро автомобиль йўлини ноқонуний равишда тўсиб қўйгани сабаб бўлди. Бу ҳақда «Ховар» ахборо агентлиги Тожикистон ИИВ матбуот хизматига асосланиб хабар берди.

Маълум қилинишича, жиноятчилар халқаро террорчилик ташкилотлари кўмагида давлат ташқарисидан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олган. Шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва бошқа турдаги провокацияларни амалга ошириш учун хорижий ёлланма аскарларни жалб қилган.

«Бу конституциявий тузум асосларига қарши қаратилган ҳаракат. Уюшган жиноий гуруҳлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қурол-яроғ ва ўқ-дориларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаган ва қуролли қаршилик кўрсатган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Рушон туманида халқаро террористик ташкилотлар томонидан ташкил этилган ва молиялаштирилаётган уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятида террорчилик характеридаги жиноятлар аломатлари кузатилмоқда.

«Шу муносабат билан фуқаролар хавфсизлигини, жамоат тартибини таъминлаш ва автотранспорт воситаларининг „Душанбе-Кулма“ халқаро автомобиль йўли бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланишини тиклаш мақсадида мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Рушон туманидаги йўлнинг бир қисмида антитеррор операцияси бошланди», — дейилади баёнотда.

«Бомдод» нашрининг ёзишича, тоғли Бадахшондаги вазиятни ёритаётган мустақил журналистлар ва каналлар мамлакат ИИВнинг чет элдан молиялаштириш ва қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлови ҳақидаги хабарларни рад этиб, куч ишлатар тузилмалар ходимларини қуролсиз намойишчиларга қарата ўқ узганликда айбламоқда.

Нашрга келиб тушган хабарларга кўра, сешанба куни Рушоннинг бир қанча 100 кишилик аҳолиси намойиш ўтказиш мақсадида йиғилган ва туман раҳбари Фаррух Додхудонинг тарқалиш ҳақидаги чақирувига амал қилмаган. Кечки пайт эса Хоруғ шаҳрига олиб борувчи автомобиль йўлига чиқиб, жонли занжирни ҳосил қилган ҳолда Бадахшонга қараб ҳаракатланаётган ҳарбий колонна йўлини тўсиб қўйган.

Тоғли Бадахшондаги вазият 14 ва 16 май кунлари ўтказилган намойишлардан сўнг яна кескинлаша бошлаганди. Аввалроқ, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида намойишчилар вилоят раҳбари ва Хоруғ ҳокимининг истеъфосини талаб қилишгани ҳақида ёзгандик. Прокуратура митингни мамлакат хавфсизлигига путур етказиш мақсадида ўтказилган «ноқонуний ҳаракат» деб атаганди.