«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилиб, IT соҳасини ўрганишни бошлаган, турли лойиҳаларни амалга ошираётган ва келажагини ушбу соҳада кўрадиган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирди. Улар нега IT соҳасига қизиқишгани, бунга нисбатан атрофдаги турли гап-сўзлар ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб, тенгдошлари учун ўз маслаҳатлари билан ҳам бўлишишди.

Биринчи суҳбатдошимиз Мафтуна Маҳкамова 2007 йили Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. У ҳозирда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот ва коммуникация технологияларига (АКТ) ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синфида таҳсил олмоқда. Мафтуна 2 йилдан буён АКТ соҳасининг турли йўналишларини ўрганиб келмоқда, унинг мобил ва веб-дизайн йўналишлари бўйича кўплаб лойиҳалари бор. СММ йўналишини эса ўзи мустақил ўрганади. Келажакда у мобил дастурчи бўлмоқчи.

«Келажакда ҳамма нарсани IT соҳасидаги инсонлар бошқаради»

Ҳозирги замонда IT соҳаси ривожланиб келмоқда. Келажакда ҳеч бир соҳада IT`сиз иш битмайди. Бир кун келиб барча нарсаларни, яъни инсон омили ўрнини технология эгаллаганида, уларни IT соҳасидаги инсонлар бошқаради. Шунинг учун ҳам ушбу соҳада фаолият олиб боришни истайман.

IT — инсон қиладиган ишларни осонлаштириб берадиган йўналиш. Масалан, одамлар аввал супурги билан уйни супурган, кейин эса робототехника йўналиши ривожланиб, чангютгич ихтиро қилинган. Чангютгич одамлар учун супургига қараганда кўпроқ қулайлик яратган. Компьютерни яхши билиш ҳам IT`нинг бир қисми ҳисобланади. Одамлар компьютерни билиши орқали ўз ишини осонлаштиради. Агарда сиз компьютер ишлатишни билмасангиз, анча қийналасиз.

Бу соҳанинг қизлар учун афзалликлари кўп. Масалан, қизлар оила қурганида маълум муддат фарзандлари тарбияси билан шуғулланиши мумкин. Шундай вақтларда уйда интернет ва компьютер бўлса, бемалол уйдан ишлаб, пул топишлари мумкин бўлади. Бу эса уларга бир вақтнинг ўзида иккита ишни бажариш имконини беради. Болаларни уйда ташлаб, минг хил хавотир билан офисга ишга боришига ҳожат бўлмайди.


Мафтуна Маҳкамова. Фото: «Газета.uz» / Мадина Аъзам

«Мактабда барча нарсалар тўлиқ ўргатилмайди, шунинг учун „self study“ қиламан»

IT`га қизиқиш 12 ёшимдан бошланган. Мен дастурчилар нимадир яратади, кодлар ёзади, деб ўйлардим. Илк тушунчам жуда юзаки бўлган. 8-синфдан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда ўқишни бошлаганимда IT ва дастурчилик нима эканлиги ҳақида билиб олдим. Шундан сўнг қизиқишим янада кучайди. Дадам ишлайдиган соҳа IT`га яқин бўлгани боис оилада менга ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаган.

Илк билимларимни мактабда ўрганганман. Кейинроқ бир нарсани тушундимки, мактабда барча нарсалар тўлиқ ўргатилмайди. Шунинг учун ҳам ёзги таътил пайтида «self study» (мустақил ўқиш — таҳр.) қиламан, YouTube`да турли видеолар кўраман. «Self study»нинг яхши томони — бунда сиз ўзингизни-ўзингиз бошқарасиз, ҳеч қандай босим бўлмайди. Масалан «self study»ни бошлаб, кейин уни қанчадир вақтга тўхтатиб қўйиш мумкин.

Кўпинча бу соҳа билан кечқурун шуғулланишимга тўғри келади. Бунинг учун ота-онамдан гап эшитган пайтларим ҳам бўлган. «Кўп шуғуллансанг чарчайсан», дейишарди, чунки эртаси куни мактабга боришим керак эди. Шундай пайтларда қийналардим, вақтим етмасди. Дедлайнларга кеч қолардим. Мактабимда ярим куним ўтади, уйда сингилларимга қарайман, ота-онам ишда бўлишади, дарсларим ва бошқа қўшимча ишларим ҳам бўларди. Шунинг учун ҳам вақтимни етказолмасдим.

«Аввалги мактабларимда компьютер хоналарига олиб киришмасди, фақат конспект ёзардик»

Мени қийнайдиган нарслардан бири — компьютер олдида кўп ўтириш оқибатида кўзларимнинг кўриш қобилияти пасайиши. Менда бу аллақачон бошланган. Бошим оғриб, кўзларим ачишади.

Баъзида интернет ишламай қоларди, компьютерим айрим дастурларни кўтаролмай, ишламай қолган пайтлари ҳам бўлган.

Ўзбекистонда IT`ни ривожлантириш учун сифатли интернет йўқ. Бундан ташқари интернетда ушбу соҳа бўйича ўзбек тилида етарлича маълумот йўқ. Ҳамма ҳам тил билмайди, манбалар эса жуда кам. Мактабимда барча шароитлар етарли, лекин бошқа мактабларда IT`ни мукаммал бўлмаса-да, жилла қурса компьютердан яхши фойдаланишни ўргатиш керак деб ҳисоблайман. Аввалги ўқиган мактабларимда компьютер хоналарига бизни олиб киришмасди. Фақатгина назарий билим бериларди, унда ҳам фақат китобдан ўқиб, конспект ёзардик.

Мен IT`да ҳам қизлар ўз ўрнини топа олиши, нимагадир эришиши мумкинлигини исботлагим келади ва дарсларимга янаям шўнғиб кетаман. Одамларнинг гапларини «игнор» қиламан. Натижаларим билан уларга кўрсатаман.

Бошида ота-онам ҳам жиддий қарамаган IT`га. Ўзим яратган маҳсулотларни, қатнашаётган танлов ва ютуқларимни кўришгандан сўнг яна ҳам ишончлари ошган. Ҳаётда ҳам уй ишини, ҳам карьерасини бирдай олиб бораётган аёллар кўп.


Мафтуна Маҳкамова. Фото: «Газета.uz» / Мадина Аъзам

«Қизиқмайдиганларни IT деб мажбурламаслик керак»

Менинг энг катта орзуим — IT компаниямни Кремний водийсида жойлаштириш. Беш йилдан кейин ўзимни Массачусетс технология институти талабаси сифатида кўраман. Шунингдек, ўзимнинг бир қанча IT лойиҳа ва дастурларим бўлади.

Агар қизиққан одам бўлса, IT`ни ўрганишни албатта маслаҳат берган бўлардим. IT`га қизиқадиган одамни унинг ҳаракатлари ва изланишларидан билиб олиш мумкин. Бундай пайтларда қайси соҳа бўлса ҳам одам ўз олдига аниқ мақсад ва йўналиш қўйиб, шу йўлда ҳаракат қилиши керак. Қизиқмайдиганларни эса IT деб мажбурламаслик керак.

Ўз йўлини топишга ҳаракат қилаётган тенгдошларимга айтган бўлардим: битта соҳага эмас, барча соҳага қизиқиб кўриш керак!

Мафтуна Маҳкамова «Қизларнинг IT кўникмаларини ривожлантириш» (ICT4Girls) лойиҳаси иштирокчиси хисобланади. Лойиҳа Ўзбекистонда ахборот технологиялари йўналишига қизиқаётган, соҳада маълум кўникма ва билимга эга бўлган мактаб ёшидаги қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг рақамли имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ушбу лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази (ITSM) ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.