Қозоғистонда 5 июнь куни мамлакат конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдум ўтказилади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳасида Асосий қонуннинг 33 та моддасига 56 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Ўзгартиришлар президент Қасим-Жомарт Токаев томонидан таклиф қилинган. Январь ойида мамлакатда тартибсизликлар рўй берган, уларда кўплаб инсонлар қурбон бўлган ва жароҳатланган эди.

«Референдум ҳар бир фуқарога мамлакат тақдирини ҳал қилишда бевосита иштирок этиш имконини беради ҳамда янги Қозоғистонни барпо этиш ҳамда уни ҳар томонлама демократлаштириш йўлини мустаҳкамлайди», — дея Қозоғистон президентининг апрел охирида айтган сўзларидан иқтибос келтирди Tengrinews.

У таклиф этилаётган сиёсий тузумни «иккинчи республика» деб атади ва мазкур ўзгаришлар фундаментал характерга эга бўлишини ҳамда Қозоғистон сиёсий тизимини тубдан ўзгартиришини таъкидлади.

Конституцияга киритилган ўзгартишлар ўта президентлик республикасидан чиқиш, парламент ва маҳаллий вакиллик органлари (маслаҳатлар) ваколатларини кучайтириш, партиявий-сиёсий соҳани модернизация қилишни назарда тутади.

Zakon.kz нашрининг аниқлик киритишича, плебисцитга (жуда муҳим масалани ҳал қилишни умумхалқ овозига қўйиш, референдум) — таҳр.) фақат битта савол қўйилган: «Оммавий ахборот воситаларида 2022 йил 6 майда чоп этилган Қозоғистон Республикаси Конституциясига «Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида белгиланган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини қабул қиласизми?»

Қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • ўлим жазосини тақиқлаш (ўтган йилнинг декабрь ойида ўлим жазоси бекор қилинган эди; ҳозирда конституцияда ўлим жазоси истисновий чора сифатида тайинланадиган жиноятлар белгилаб қўйилган);
  • ерга, унинг ер ости бойликларига, сувга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, бошқа табиий бойликларга халқнинг эгалигини белгилаш ҳамда давлат томонидан халқ номидан мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш;
  • Қозоғистон президенти этиб икки муддатдан ортиқ сайланишни тақиқлаш мамлакатнинг биринчи президентига тааллуқли эмаслиги ҳақидаги бандни чиқариб ташлаш;
  • президентнинг яқин қариндошларига сиёсий давлат хизматчиси ва квазидавлат сектори субъектлари раҳбарлари лавозимларини эгаллашни тақиқлаш;
  • республика фаолиятининг биринчи президенти томонидан белгилаб берилган асосий тамойиллари ва унинг мақоми ўзгармаслиги тўғрисидаги қоидани чиқариб ташлаш;
  • фуқароларнинг илтимосига биноан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявий суд томонидан кўриб чиқилиши, конституцияга мувофиқлиги ва бошқалар тўғрисидаги нормани белгилаш.

Қозоғистон адлия вазири ўринбосари Алма Муканова нима учун барча тузатишлар бир саволда киритилаётганини қуйидагича тушунтирди: «[Бу] барча тузатишлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва бир-бирига боғланганлиги билан оқланади. Бошқа тузатишлар маъносини бузмаган ҳолда бир нарса учун овоз бериш мумкин эмас».

Референдум учун 16,4 млрд тенге (37,8 млн доллар) сарфланиши режалаштирилган. Участка ва ҳудудий комиссияларда ишлаш учун 71 минг нафар фуқаро ишга қабул қилинади.

Бунгача Қозоғистонда 1995 йилда референдум ўтказилган, ўшанда амалдаги конституция тасдиқланган эди.