Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») ва Британиянинг OneWeb компанияси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу ҳақда душанба куни агентлик маълум қилди.

Меморандумнинг мақсади — Ўзбекистон бозорига OneWeb сунъий йўлдошли алоқа компаниясини жалб қилишдир. Меморандумда Ўзбекистон бозорига кириш бўйича OneWeb компаниясининг геостационар бўлмаган сунъий йўлдошли алоқа тизими хизматлари билан боғлиқ бир қатор тадбирлар, шу жумладан, тартибга солиш масалаларини муҳокама қилиш ва «OneWeb сунъий йўлдошларидан фойдаланиш учун давлатнинг асосий эҳтиёжларини аниқлаш кўзда тутилган».

Меморандум доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги ва OneWeb компанияси инновацион паст орбитал сунъий йўлдош телекоммуникация тизимидан фойдаланиш масалалари бўйича экспертиза марказини ташкил этишга келишиб олди.

Бундан ташқари, томонлар чекка ҳудудлар ва бориш қийин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларини, шунингдек, иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги корхоналарни OneWeb алоқа сунъий йўлдошлари орқали юқори тезликдаги кенг полосали Интернет билан таъминлашни амалга ошириш учун зарур чораларини кўради.

«Ўзбеккосмос» агентлиги бош директори Шухрат Қодировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда OneWeb телекоммуникация хизматларининг мавжудлиги давлат ахборот технологияларини ривожлантириш дастурларида назарда тутилган вазифаларни самарали амалга ошириш ва чекка ҳудудларни ҳам инновацион алоқа хизматлари билан таъминлаш имконини беради.

Аввалроқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбеккосмос» агентлиги SpaceX вакили билан Starlink лойиҳасини Ўзбекистон бозорига кириш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.