Президент сешанба куни товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари йил якунига қадар биржаларга ўз маҳсулотини олиб чиқадиган маҳаллий тадбиркорлар сонини камида 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга ошириш зарурлигини таъкидлади. Ҳозирда 45 мингдан зиёд маҳаллий саноат корхоналарининг бор-йўғи 7 фоизи биржага ўз маҳсулотини чиқараётгани танқид қилинди.

Мисол учун, Жомбой туманидаги ғишт ишлаб чиқарувчи корхона ўз маҳсулотини биржага олиб чиқиши натижасида 21 млрд сўмлик даромад олган. Уйчи туманидаги бетон қоришмаси ишлаб чиқарувчи корхона эса 10 млрд сўмлик маҳсулотини биржа орқали сотган. Президент ҳокимлар томонидан бу тажриба жойларда йўлга қўйилмаганини танқид қилди.

«Ҳудудларнинг биржа савдоларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича ҳокимларнинг иш режаси билан танишиб чиқдим. Очиқ айтиш керак, ҳали аксарият ҳокимлар масалани ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор», — деди давлат раҳбари.

Шу боис ҳокимларга ўз ҳудудидаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиш, аниқ турдаги ва миқдордаги маҳсулотларни биржага олиб чиқиш бўйича ойма-ой режаларини тасдиқлаш топширилди. 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашди. Ушбу туманларда жорий йилда умумий қиймати 1,6 млрд долларлик 150 та лойиҳани амалга ошириш режа қилинган.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда биржа савдо айланмаси 2 бараварга ўсиб, 90 трлн сўмга етди, сотиладиган товарлар сони 3 бараварга кўпайди (200 тадан 627 тага етди). Хорижий давлатларда биржанинг 20 та савдо майдончаси ташкил этилиб, жорий йилнинг 4 ойида 170 млн долларлик маҳсулот сотилди. Шунингдек, ўтган йили 1 минг 274 та хорижий компания Ўзбекистон биржасига катта ҳажмларда маҳсулот қўйишни бошлади.

«Мана натижа. Лекин бу имкониятларимизнинг ўндан бири ҳам эмас», — деди президент. Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хориждаги элчилар ва савдо маслаҳатчилари билан бирга минерал ўғит, нефть маҳсулотлари, кўмир, ёғоч каби маҳсулотлар бўйича биржа савдоларини бошлаш учун камида 100 та хорижий йирик ишлаб чиқарувчи ва улгуржи савдо корхоналарини жалб қилиш топширилди.

Йил якунига қадар экспорт-импорт маҳсулотларининг биржа савдолари ҳажмини 500 млн долларга олиб чиқиш вазифаси қўйилди. 1 июлдан бошлаб экспорт учун 10 минг тонна мис, 50 минг тонна қора металлар, 15 минг тонна олтин-гугурт, 1 млн квадрат метр қурилиш ойнаси биржага қўйилади, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, жорий йил 1 июлдан бошлаб биржа савдолари орқали экспорт-импорт қилишда:

  • хорижий етказиб берувчиларга электрон рақамли имзони мажбурий олиш тартиби бекор қилинади;
  • хорижий компаниялар учун олдиндан тўлов ва биржа хизматлари тўлови бекор қилинади;
  • тадбиркорларга тўловларни кафолатлаш банк аккредитиви сингари биржа клиринг тизими орқали ҳам таъминланади.

Давлат раҳбари томонидан йил якунига қадар биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш учун барча захираларни ишга солиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, суюқ минерал ўғитлар, нефть кокси, нафта, каустик сода, суюқ углерод оксиди ва техник кислород, металл прокат лист ва пўлат шарлар, барда каби маҳсулотларни биржа орқали сотишни бошлашга кўрсатма берилди, дейилади хабарда.

Йиғилишда айрим турдаги юқори ликвидли товарлар биржага қўйилмагани оқибатида уларнинг нархларида ўсиш кузатилаётгани таъкидланган. Ўтган йилги пахта ҳосилидан қарийб 1,5 млн тонна техник чигит олинган бўлсада, шундан биржага 939 минг тоннаси ёки 56 фоизи чиқарилган. Ёки, биржадан чигит олган 119 та ёғ-мой корхоналаридан 20 таси пахта ёғини биржа савдоларига умуман қўймаган.

Шу боис юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилгани устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бунда биржага қўйиш мажбурий бўлган товарларни, айниқса техник чигит ва пахта ёғини тўғридан-тўғри сотган корхоналарга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштирилади. Унга кўра:

  • 1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиш йўлга қўйилади;
  • энг яхши сотилган товарлар кейинчалик биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади;
  • тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиши билан бир вақтда биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади;
  • маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади;
  • солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотилган ёки харид қилинган товарлари бўйича қўшимча ўрганиш ўтказилмайди.

«Биржа самарали ишламаса, бозор муносабатлари ҳам бўлмайди. Биржа савдолари эркин рақобатни шакллантиради, тадбиркорларга янги бозорларни очади, „яширин иқтисодиёт“ ва коррупцияни кескин камайтиради», — деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, биржага ўз маҳсулотларини қўйган йирик корхоналар очиқ-ошкора савдолар ҳисобига ўтган йилнинг ўзида 8 трлн сўм қўшимча даромад қилган. «Илгари турли схемалар орқали коррупция бўлиб, даромадлар айрим „ўртакашлар“ чўнтагида қолар эди», — деди президент.

Мисол сифатида бир йил аввал бензинда давлат тақсимоти бекор қилиниб, эркин биржа савдосига қўйилгани ҳисобига бугунги кунда энг чекка «заправкалар»да ҳам сифатли бензин борлиги кўрсатилди. Маълум қилинишича, ўтган уч йилда биржа майдончасида авторақамларни сотиш ҳисобига бюджетга 1 трлн сўм қўшимча маблағ тушган.

«Энг муҳими, бу соҳалардаги дефицит, коррупция, таниш-билишчилик йўқ бўлди», — деди давлат раҳбари. Шу билан бирга, биржа савдоларини ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш борасида ҳали тизимли муаммолар мавжудлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда биржа савдолари анча фаоллашган. Лекин Сирдарё, Андижон ва Сурхондарёдаги корхоналарнинг биржа савдоларидаги иштироки пастлигича қолмоқда. Шу билан бирга, Зангиота 37 турдаги, Кармана 24 турдаги, Данғара ва Жомбой 17 турдаги маҳсулотларни биржага чиқарган бўлса, Андижон, Нурота, Қизириқ, Боёвут туманларида атиги 1 турдаги маҳсулот биржага қўйилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга маҳаллий маҳсулотларни биржага олиб чиқишни туман даражасига тушириш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди. «Мисол учун, 1 июлдан фермер ва кластерлар 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиши йўлга қўйилмоқда. Бу фермерлар учун 2 трлн сўм қўшимча даромад дегани. Лекин туман ҳокимларида фермер маҳсулотини биржага қандай олиб чиқиши, бу борада кимга мурожаат қилиши, яъни ишни қандай ташкил этиши бўйича аниқ режалар борми? Бу саволга бирорта ҳокимда ижобий жавоб йўқ», — деди президент.

Маҳаллий маҳсулотларни биржада кўпайтириш бўйича янги тизим Ўртачирчиқ тумани мисолида тушунтирилди. «Бу янги тизим фермер ва кластерларга мактаб, ҳокимларга эса синов бўлади», — деди давлат раҳбари.

Янги тизим бўйича:

  • туман ҳокими ғалла етиштирувчи фермер ва кластерлар кесимида буғдойни биржага олиб чиқиш ойма-ой режасини ишлаб чиқади;
  • туман ҳокими ва Савдо-саноат палатасининг туман бўлими ушбу фермер ва кластерларни биржада рўйхатдан ўтказишни ташкиллаштиради;
  • тадбиркорга қулай бўлиши учун Савдо-саноат палатаси туман бўлимида биржа савдо майдончаси ташкил этилади;
  • ушбу савдо майдончасида тадбиркор, фермер ва кластерларга биржа ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашилади;
  • улар шу жойнинг ўзида биржа савдоларида иштирок этишга ўқитилади;
  • фермерларга буғдойни биржага қўйганда гаров талаб этилмайди.

Қайд этилишича, биржа савдоси бўйича тадбиркор ва фермерлар учун содда ва лўнда методика ишлаб чиқилади. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Бунда фермерга тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди.

Президент томонидан биржа соҳасида ҳар йили камида 1 мингта мутахассис тайёрлаб, уларнинг бандлигини таъминлаши зарурлиги таъкидланди. Бунда камида 100 нафар ногиронлиги бор ёшларни бепул ўқитиб, соҳада ишга қабул қилиш топширилди, дейилади хабарда.