16 май куни Ўзбекистонда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Сайловлар июнгача давом этади.

Номзодлар қандай танланади ва тасдиқланади

Фуқаролар йиғини — бу фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлиб, уларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларини ҳал қилишда мустақил фаолият юритади. Ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонунга кўра, улар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди, аҳоли манфаатларини ифодалайди ва тегишли ҳудудда улар номидан қарорлар қабул қилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.

Олий Мажлис Сенати Кенгаши сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссиясини тузади. Сайловни ўтказишда «фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун» Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонунга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари тузилади.

Бевосита фуқаролар йиғинларида йиғилиш ёки вакиллар йиғилиши қарори билан ишчи гуруҳлар тузилади. Улар «тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда» раислик лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлайди.

Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун тегишли комиссияларга юборади.

Ишчи гуруҳ туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

Фото: moqqv.uz.

Сайловда ким иштирок этади

Ўзбекистонда 9349 та фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шундан 41 таси аҳоли пунктлари, 73 таси қишлоқ, 165 таси овул ва 9070 таси маҳалла фуқаролар йиғинидир. 4 та маҳалла жамоат асосида фаолият юритади. 580 та йиғин қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлар ва Ўзбекистон эксклавларида жойлашган.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, бу йил аввалги сайловлардан фарқли ўлароқ, «кутилмаган ҳолат кузатилди», яъни фуқаролар йиғини раиси сифатида ишлаш истагида бўлганлар сони кескин ошди. Бу эса номзодларни танлаш ва тавсия этишда қийинчиликларни юзага келтирган. Вазирлик буни кейинги йилларда мамлакат раҳбари томонидан маҳалла институтига эътиборининг ошгани, маҳалла раислари ваколат кўлами кенгайгани билан изоҳлаган.

Ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла раислари лавозимига 26 910 нафар номзод танланиб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тавсия қилинган. Яъни битта раислик ўрин учун ўртача 3 киши даъвогарлик қилмоқда.

Рўйхатга олинган сайловчилар сони 239,9 минг нафардан ортиқ.

Сайловнинг биринчи кунида 834 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланди. Уларнинг 399 нафари, яъни деярли 48 фоизи биринчи марта, 435 нафари, яъни 52 фоизи қайта сайланган. Сайланган раисларнинг 102 нафари аёллар, 60 нафари маҳаллий кенгаш депутатларидир.

Раисларнинг 768 нафари ёки 92 фоизи олий маълумотга эга. Сайланганлардан 287 нафари 40−50 ёш, 252 нафари 50−60 ёш, 198 нафари 30−40 ёш, 71 нафари 60 ёшдан ошган ва 26 нафари 30 ёшгача бўлган фуқаролар ҳисобланади.

Оқсоқолларнинг 270 нафари касби бўйича ўқитувчи, 137 нафари муҳандис, 123 нафари иқтисодчи, 52 нафари агроном, 41 нафари ҳуқуқшунос, 21 нафари қурувчи, 10 нафари санъат ва спорт намояндалари, 9 нафари шифокор, 5 нафари товаршунос ва 166 нафари бошқа соҳа вакилларидир.

Вазирликнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган сайлов билан боғлиқ 18 та ҳолатга расмий изоҳлар берилган. Жумладан, Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги «Қорабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келаётган Нишонов Нурали Қамбаровичнинг номзоди сайловга қўйилган номзодлар рўйхатидан олиб ташланганлиги айтилган. Маълум бўлишича, «Қорабоғ» маҳалласида яшовчи 26 нафар фуқаролар томонидан имзоланган ҳамда 12 майда Ангрен шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига юборилган мурожаатда маҳалла раиси сайловига Нишоновнинг номзодини қўйилишига қарши эканликларини билдиришган. Айни пайтда «Қорабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловини қонунда белгиланган тартибда ўтказиш бўйича барча тегишли чоралар олиб борилаётгани маълум қилинган.

Сирдарё вилоятида эса Гулистондаги «Нурафшон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови учун қўйилган беш нафар номзоднинг уч нафари сайлов бюллетенида қайд этилмаган. Ўрганишлар давомида улардан 2 нафарининг ҳаётий тажрибаси етмаслиги ҳамда яна бир нафарининг оилавий муҳити носоғломлиги туфайли сайловга номзоди қўйилиши учун шаҳар ҳокимининг хулосаси берилмаган.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти Риштон туманидаги «Юқори Авазбой» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўзининг қайта сайланиши учун ўз танишларини сайловчилар рўйхатига киритганлиги айтилган. Бу вазиятга Риштон тумани комиссияси сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича мавжуд савол ва таклифларни Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳамда сайловни ташкил этишга кўмаклашувчи туман комиссиясига тақдим этишни маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда шунингдек, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ўтказилаётган сайловларга амалдаги маҳалла раислари номзоди деярли қўйилмагани тўғрисида хабарлар тарқалган.

Мазкур хабар бўйича Шўрчи тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими Шўрчи туманидаги мавжуд 842 та фуқаролар йиғинида сайловлар ўтказилаётгани, уларда 2270 нафар номзод сайловда иштирок этиши белгиланган бўлиб, уларнинг 510 нафари амалдаги раислар ҳамда 1762 нафари биринчи бор сайловда иштирок этаётган номзодлар эканини маълум қилган.