Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев учувчи-космонавт Владимир Жонибековни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Владимир Джанибеков — Ўзбекистонда туғилган совет космонавти, авиация генерал-майори, Совет иттифоқининг икки карра қаҳрамони. У Совет иттифоқининг энг кўп — 5 марта космик парвозни амалга оширган энг тажрибали космонавти ҳисобланади. У 145 кун 15 соат 58 дақиқани космосга 5 марта парвози давомида ўтказган.

Жонибеков номи билан 3170-сонли кичик сайёра номланган. Тошкентда космонавтнинг бронзали бюсти ўрнатилган.


13 май куни у 80 ёшга тўлди. Юбилей сана муносабати билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов космонавтнинг Москва вилоятидаги хонадонида меҳмонда бўлиб, унга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик мактубини ўқиб эшиттирди ва «Дўстлик» орденини топширди.

«Ҳурматли Шавкат Миромонович менга бўлган эътиборингиздан миннатдорман. Бундай диққат белгисини олиш жуда ёқимли. Бу мен учун жуда қадрли. Мен ўзимнинг жуда эҳтиёткорона ва нозик муносабатимни Ўзбекистонга — менинг Ватанимга, ўзим бирга ўсган, тажриба ва билим орттирган одамларга билдирмоқчиман. Мен ўзбек халқига хос бўлган ҳаётга, тарихга ва воқеаларга жуда хотиржам ва оқилона муносабатни тиламоқчиман. Дунёда туғилган, ўсиб, улғайган юртдан кўра қадрдонроқ юрт йўқ. Она Ўзбекистонимга фаровонлик тилайман», — деди Жонибеков.

«Дўстлик» ордени билан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлиги ва ҳар томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришдаги улкан ютуқлари учун тақдирлашади.