«Қўлингизга Конституцияни олинг ва ўқинг: қайси модда нима учун ўзгариши керак?»

ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани парламентнинг икки палатаси кенгашлари муҳокамасига киритиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов таклифларда халқнинг орзу-истаклари мужассам эканлигини таъкидлади. «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров эса барча фуқароларни таклиф билдиришга чақирди. Депутатлар президент аввалроқ билдириб ўтган таклифларни такрорламоқда.

Тошкентдаги Меҳрибонлик уйида содир этилган ўғрилик ва ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Прокуратура Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширгандан сўнг, жиноят иши қўзғатди. Апрель ойида муассаса тарбияланувчилари ходимларнинг биридан норози бўлиб, намойиш уюштирганди. Прокуратура бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини аниқлади. Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ўзбекистонда маҳалла раислари сайлови бошланди

Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Мамлакатда 9349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд. Номзодлар 26,9 минг кишини ташкил этади (ҳар бир ўринга деярли 3 номзод). Биринчи кунда 834 нафар раис сайланган бўлиб, уларнинг 52 фоизи ушбу лавозимга қайта сайланган.

Nest One қурувчилари ойлик кечиккани сабабли чорраҳани тўсиб қўйди

Ижтимоий тармоқларда Nest One биносининг ўнлаб қурувчилари йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Murad Buildings компанияси «Газета.uz» га намойишларга маошдаги кечикишлар сабаб бўлганини тасдиқлади. Компания раҳбари Мурод Назаров эса айни вақтда «ҳаммаёқ тинчлиги, ишчилар ўз ўрнида ишлаётганини ва бунга бинонинг охирги қаватида ош тайёрлагани» сабаб бўлганини маълум қилди. Пойтахт ИИББ текширув ўтказмоқда.

700 дан ортиқ Nest One қурувчисига маош вақтида тўланмаган — Меҳнат инспекцияси

Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси Nest One биносини қураётган «Оzguvn mimarlik inshaat» ва «Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» компаниялари жами 739 нафар ишчига маошини ўз вақтида бермаганини аниқлади.

Антимонополия қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига нисбатан иш очди

Антимонополия қўмитаси Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 178 та лаборатория Intermed Innovation компаниясига ўтказилишига оид маълумотларни тақдим этмаганлиги учун ССВга нисбатан маъмурий иш қўзғатди. «Агар шу ҳафта берилмаса тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик бўйича чоралар кўрилади», — деди қўмита вакили.

Пойтахтда 4 ой ичида 7777 та жиноят фош этилди

Тошкент шаҳрида йил бошидан бери 7777 та жиноят фош этилиб, 537 нафар қидирувдаги шахс ушланди. Пойтахт ИИББ маълумотига кўра, 2435 та жиноят ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланган, шундан 769 таси наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ. Бунинг натижасида 217,3 кг гиёҳвандлик ва 24,3 кг психотроп воситалар айланмасининг олди олинган.

«Ўзбеккосмос» Буюк Британиянинг OneWeb компанияси билан ҳамкорлик қилади

«Ўзбеккосмос» агентлиги Буюк Британиянинг сунъий йўлдошли алоқа хизматларини кўрсатувчи OneWeb компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар чекка ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш устида иш олиб бориш ниятида.

58 ёшли эркак сирпаниб, метро поезди остига тушиб кетди

Тошкент метросида эшиклари ёпилаётган вагон томон югуриб кетаётган фуқаро сирпаниб, поезд тагига тушиб кетди. Унга метрополитен ходимлари ва йўловчилар дарҳол ёрдам беришди, у жароҳат олмади.

«Биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор» — Шавкат Мирзиёев

Биржа савдоларни кўпайтириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари Жомбой ва Уйчи туманларида биржа орқали ғишт ҳамда бетон қоришмасини сотган корхоналарни эътироф этиб, ҳокимлар томонидан бу тажриба яхши йўлга қўйилмаганини танқид қилди. «Очиқ айтиш керак, ҳали аксарият ҳокимлар масаланинг ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор», — деди у. Президент йил охиригача ўз маҳсулотларини биржаларга олиб чиқадиган тадбиркорлар сонини 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга оширишни топширди.

Экспертлар Халқаро тиббий-санитария қоидаларининг тадбиқ этилишини баҳолайди

Халқаро экспертлар Ўзбекистонда Халқаро тиббий-санитария қоидаларининг ижроси юзасидан ташқи баҳолашни бошлади. Баҳолаш натижаларига асосланган тавсиялар мамлакатнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Орол фожиаси Марказий Осиёда иқлим ўзгаришини 2 баробарга тезлаштирди — Ўзгидромет

Ўзгидромет раҳбари Шерзод Хабибуллаев Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечаётганини таъкидлади. Бу музликлар эриши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда.

Ўзбекистонда Қрим-Конго иситмасидан тузалганларнинг қон плазмаси банки яратилади

Президент қарорига кўра, Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг қон плазмаси банки ташкил этилади. Қрим-Конго геморрагик иситмаси — трансмиссив ва гемоконтакт орқали юқувчи ўта хавфли касаллик ҳисобланади.

Ҳар йили 1 млн фуқаро гепатит Б ва C турларига скринингдан ўтказилади

Президент қарори билан ҳар йили 1 млн нафаргача фуқаро вирусли гепатит Б ва C турларига скрининг текширувларидан ўтказилади. Шунингдек, гепатит C билан касалланган 10,5 минг нафар бемор даволанади. Қолаверса, нодавлат тиббиёт ташкилотларига қон билан ишлайдиган ходимларини гепатит Б инфекциясига қарши эмлаш мажбурий этиб белгиланмоқда.

«Охирги пайтларда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни кўриб турибмиз» — АҚШ элчиси

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюмнинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2016 йилдан буён диний эркинликни таъминлаш борасида катта ютуқларга эришди, бироқ сўнгги пайтларда «эски даврларни акс эттирувчи» ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. «Орқага кетмайлик, олдинга кетайлик, янада бағрикенгроқ жамият сари ҳаракат қилайлик», — деди элчи.