Жорий йилнинг 12−15 май кунлари Санкт-Петербург шаҳрида мини-футбол бўйича Меҳрибонлик уйлари жамоалари ўртасида ўтказилган XVII халқаро турнирда Тошкент шаҳридаги 21-, 22-, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларидан иборат терма жамоа ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Болалар ўз жамоаларини «Ўзбекистон» деб номлашди. Унинг таркибида Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйидан Жавоҳир Аъзамов, Тошкент шаҳридаги 21-Меҳрибонлик уйидан Шоҳрух Бегматов, Сарварбек Фок ва Александр Кононенко ҳамда Арслан Дмитрев, Камронбек Пардаев, Рим Клевентов, Муҳаммадсодиқ Холдоров ва 22-Меҳрибонлик уйидан Диёр Данаевлар бор.

Фото: Ўзбекистон Миллий гвардия матбуот хизмати.

Тренер Абдулазиз Маннопов ва унинг ёрдамчиси Темур Машариповлар футбол жамоасини тайёрлаб, маънавий қўллаб-қувватламоқда.

Саралаш босқичида болалар ишончли ҳисобда ғалаба қозонишди: «Ўзбекистон» — «Кировск» 20:0, «Ўзбекистон» — «Тамбов» 9:2, «Ўзбекистон» — «Санкт-Петербург» 3:1.

Охирги турда Ўзбекистон терма жамоаси икки марта ғалаба қозонди: «Шаталово» жамоаси билан ўйинда 4:1, финал ўйинида эса пеналтилар сериясида «Курск» жамоасидан ғалабани тортиб олишди: 5:4.