Жаҳон банки таҳлилчиларининг таъкидлашича, Россиядан пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари даромадларига таҳдид солади ва ривожланаётган мамлакатларнинг халқаро пул ўтказмалари тизимларига (жумладан, SWIFT) ишончини пасайтириши мумкин. Бу ҳақда Kommersant`га таяниб, Spot хабар бермоқда.

Хусусан, Жаҳон банки 2022 йилда Европа ва Марказий Осиёнинг паст ва ўрта даромадли мамлакатларига пул оқимлари 2021 йилда 7,8 фоизга ўсишдан кейин 1,6 фоизга қисқаришини тахмин қилмоқда.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Россияга қарши санкциялар ва Украинадаги инқироз Ўзбекистонда пул ўтказмаларининг 21 фоизга, Қирғизистонда 32 фоизга, Тожикистонда 22 фоизга ва Арманистонда 19 фоизга қисқаришига олиб келади.

Айниқса, ялпи ички маҳсулотдаги ташқи пул ўтказмаларининг улуши бўйича дунёда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган Тожикистон ва Қирғизистон (мос равишда 34 ва 33 фоиз) зарар кўради.

Жаҳон банкининг прогнози бўйича 2022 йилда Россия ялпи ички маҳсулоти 11 фоизга тушиши ва рублнинг долларга нисбатан 26 фоизга қадрсизланиши мигрантларнинг бандлиги ва даромадларини камайтириши мумкин, бу эса МДҲда қашшоқлик муаммосини янада кучайтиради.

Таҳлилчилар, шунингдек, Россиянинг SWIFT тизимидан узилиши халқаро тўлов тизимларига бўлган ишончни пасайтириши ва бир қатор давлатлар ўз тизимларини ишлаб чиқишга уринишларига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади, бу эса, ўз навбатида, ўзаро ҳамкорликни таъминлашдаги тараққиётни секинлаштиради, хизматлар нархини ошириб, пул ўтказмалари ва молиявий шаффофлик учун кўп йиллик кураш натижаларини тенглаштириши мумкин.

Жаҳон банкининг маълумотига кўра, муаммони ҳал қилиш учун пул ўтказмалари нархини икки бараварга камайтириш (2021 йилнинг тўртинчи чорагидаги 200 доллар жўнатиш учун 6 фоиздан 3 фоизгача) ва KNOMAD доирасида пул ўтказмалари оқими тўғрисидаги маълумотлар сифатини ошириш зарур.

Бироқ, Россиянинг халқаро тўлов тизимларидан узилиши МДҲ мамлакатларида пул ўтказмалари бўйича батафсил маълумот йўқлиги сабабли тартибга солинмаган пул оқимларини кузатишда қийинчиликларга олиб келади.

Жаҳон банки, шунингдек, санкциялар расмий каналлар орқали (нафақат МДҲда) пул ўтказмалари тизимини бузиши ва бутун дунё бўйлаб норасмий пул ўтказмалари каналларига қисман ўтишга олиб келиши мумкинлигини ҳам истисно этмайди.

Аввалроқ, март ойининг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайгани ҳақида ёзган эдик.

SWIFT халқаро тизим бўлиб, молиявий институтларга транзакциялар тўғрисидаги маълумотларни хавфсиз, стандартлаштирилган ва ишончли шаклда электрон алоқа орқали юбориш ва олиш имконини беради. 2014 йилдан бери Россияда муқобил — ўзининг молиявий хабарларни узатиш тизими мавжуд. Унга 400 та молиявий ташкилотлар ва бир қанча хорижий фирмалар уланган (SWIFT тизимига 11 мингдан ортиқ уланган).