Гагарин ҳиёбонидаги Оксана Чусовитина тасвирланган граффити ўзгартирилгани жума кунининг энг муҳокамали мавзуларидан бирига айланди. Деярли кун бўйи сукут сақлаган Чилонзор тумани ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматлари кечқурун гимнастикачининг муносабатига ҳавола беришдан нарига ўтмади. Унда Чусовитина номаълум шахслар чизилган расм устидан «вандализм актини» содир этганлигини, шу муносабат билан шаҳар ҳокимлиги графитини тузатишга қарор қилганини ёзган. Inkuzart эса «Газета.uz»га берган интервьюсида у шокдалиги ва бошқаларнинг санъат асарини ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

Ўзгартирилган граффити. Фото: Евгений Скляревский.

Кейинчалик рассом, шаҳар мураллари муаллифи Хасан Майчеев Instagram-да мурожаат билан чиқди, маълум бўлишича, ундан Inkuzart`нинг асарини янгилашни сўрашган. У граффитига зарар етказилгани акс этган фотосуратларни жойлаштирди ва тасвир нима учун ўзгартирилганини тушунтирди.

Шанба ўтар кечаси Inkuzart граффити ёнидаги ўзининг логосини бўяб ташлади.

Хасан Майчеев мурожаати

Мен — Хасан Майчеевман, рассомман. Эҳтимол Сергели, Чилонзор ва шаҳарнинг бошқа туманларидаги муралларнинг муаллифи сифатида мени танирсиз. Мен икки ёшлигимда чизишни бошлаганман. 15 йилдан ортиқ ижод билан шуғулланаман.


Кўплаб расмларнинг муаллифи сифатида мен муаллифлик ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишига қатъий қаршиман ва санъат тарафдориман. Ҳамкасбим Inkuzart ижодига катта ҳурмат ва эҳтром билан қарайман.


Тахминан бир ҳафта олдин Гагарин кўчасидаги космонавтлар муралини чизишни тугатаётганимда чемпионимиз Оксана Чусовитинанинг суратини сақлаб қолишга ёрдам беришимни сўрашди. Муаллиф шикастни тузатиш ва уни сақлаб қолиш учун расмни қандай тузатиш бўйича маслаҳат беришдан бош тортганлиги сабабли мен тасвирнинг шикастланган қисмларини тиклашга киришдим. Граффитига зарар етказилгани акс этган суратлар ҳавола қилинган.


Самимий ният билан ёрдам беришим кўплаб салбий муносабатлари келтириб чиқарди ва бундан жуда афсусдаман. Бировнинг ишини бузиш ниятим йўқ эди ва мен ҳамкасбимдан шахсан кечирим сўрашга тайёрман. Ишни бажаришдан олдин мен муаллифнинг имзоси ва бутун расм сақланиб қолишига ишонч ҳосил қилдим (бино реставрация қилинмоқда).

Ушбу постим билан мен жамоатчиликни ижтимоий тармоқларда таъқиб қилмасдан конструктив мулоқотга чақирмоқчиман. Барчамиз санъат шаҳримизни янада гўзал қилишини истаймиз.

Албатта мен ўзимга сабоқ олдим ва энди бошқаларнинг ишларига телефонда селфи тушишдан бошқа ҳолатда яқинлашмайман. Мен шунчаки art бинода қолиши учун санъатни сақлашга ёрдам бермоқчи эдим.

Ўзбекистонда street-art оммалашишига ишонаман. Ва тез орада жуда кўп қизиқарли ғояларни кўрамиз.

PS. Мен бу постни ўзим ёзишга қарор қилдим, (катта эҳтимол билан Тошкент шаҳар ҳокимияти — таҳр.) матбуот хизмати буни сўрамади, ҳозир бундай ҳолатда бўлиш мен учун жуда ёқимсиз ва мен ҳаммаси қандай содир бўлганини шу тарзда тушунтирмоқчи эдим.

Ҳокимиятнинг ғалати пости

Соат 21:00 лар атрофида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Оксана Чусовитина муносабатига ҳавола кўрсатилган жуда ғалати бир постни эълон қилди. Хабарда на мавзу, на у нимага бағишлангани ва на гап ким ёки қайси таҳририят ҳақида кетаётгани қайд этилган, бироқ, ундан «фитначилар», «миш-миш ва шов-шув тарқатувчилар», «беъмани фикрлар» ва «андишанинг отини қўрқоқ қўйиб» каби сўзлар жой олган.

Таъкидланишича, сукут (жамоатчилик ва журналистларнинг саволларига ва танқидларига жавобан айтилмоқда — бу сўнгги ойларда одатий ҳолга айланиб улгурди) заифлик ёки профессионаллик белгиси эмас, ҳокимият қайд этишича, бунинг асосий сабаби — аҳолининг турли қатламлари вакилларидан иборат бўлган ўқувчиларининг «маънавияти ва руҳий ҳолати» ҳақида қайғуришдир.

«Шаҳар ҳокимлиги, шаҳар давлат идоралари, бошқармалари, туманлар ҳокимликлари — булар ҳаммаси фақат битта мақсад — шаҳримиз обод ва аҳолиси фаровон яшаши йўлида хизмат қилишади», — дейилади пойтахт ҳокимлиги баёнотида.