Қалбаки паспортлар билан Тошкентдан Лондонга учишга уринган Шри-ланканинг 8 нафар фуқаросига суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Улар 8 апрель куни учишга уринганида чегара назорати ходимлари томонидан тўхтатилиб, рейсдан қолдирилган.

Экспертиза хулосасига кўра, чет эл фуқароларидаги 2 та Италия ва 6 та Франция давлатининг паспортлари қалбаки бўлиб чиққан.

Ҳолат юзасидан Тошкент авиация транспорт прокуратураси Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш / 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш / 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов натижасига кўра, 8 нафар шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб, жиноят иши кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

«Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ҳукми билан судланувчиларга тегишли жазолар тайинланди», — дейлади хабарда.