12 май куни Хоразм вилояти Урганч шаҳри марказида «Авесто» боғи ёнидаги чорраҳада «ISUZU» автобуси ва «Лада» автомобили иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди.

Видеорегистраторга тушиб қолган лавҳалардан бирида автоҳалокат қандай содир бўлгани ва автобус ағдарилиб кетгани тасвирланган. Яқинидан ўтиб кетаётган машиналар зудлик билан тўхтаб, ҳайдовчилар ва йўловчилар одамларга ёрдам бериш учун автобус томон югуришган. Улар ичкарига кириш учун деразаларни синдиришга ҳаракат қилишган.

Қутқарув хизмати етиб келгунига қадар ўнлаб одамлар автобусни ағдарилган жойидан турғазишга ҳаракат қилишди ва бунинг уддасидан чиқишди. Улар вафот этганларни кўтариб, эрга ётқизган. Яраланганларнинг бир қисми машиналарда олиб кетилиб, касалхонага ётқизилди.

Бошқа кадрларда эса бир нечта тез ёрдам машиналарини кўриш мумкин. Йўловчи салонида ва ерда қон изларини, йўловчиларнинг буюмлари атрофга сочилиб кетгани ва одамларнинг ҳайқириқларини эшитиш мумкин.

Хоразм ИИБ матбуот хизмати ЙТҲ натижасида оғир тан жароҳатлари олган автобуснинг икки нафар йўловчиси воқеа жойида вафот этганини маълум қилди. Бошқа йўловчилар турли даражадаги тан жароҳатлари олган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жароҳатланганлар сони очиқланмаяпти.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.