13 май куни БАА президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 73 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда WAM ахборот агентлиги. У 2004 йилда давлат раҳбари лавозимини эгаллаган эди.

Президент ишлари вазирлиги жума кунидан бошлаб 40 кун давомида президентнинг ўлими муносабати билан расмий миллий мотам эълон қилди. Бу вақтда давлат байроғи туширилган ҳолда бўлади.

Дубай матбуот хизмати маълум қилишича, давлат ташкилотлари билан бир қаторда хусусий секторда иш фаолияти жума кунидан бошлаб 3 кунга тўхтатилади.

БАА раҳбари 15 миллиард долларлик бойликка эга бўлиб, Forbes журналига кўра, дунёнинг энг бой одамларидан бири ҳисобланган. Халифа бин Зоид Ол Наҳаён турли ҳисоб-китобларга кўра, 2008 йилда капитали 875 млрд долларга етган Abu Dhabi Investment Authority инвестиция фондини назорат қилган.