Президент фармони билан педагог кадрларни моддий рағбатлантириш бўйича бир қатор дастурлар илгари сурилди. Унга кўра, эндиликда чет тилидан миллий сертификатга эга ўқитувчиларнинг маошига 50 фоиз қўшимча устама тўлаб берилади. Шунингдек, умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга ўқитувчилар юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича пул олади.

Бу 11 май куни имзоланган «2022−2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда кўрсатиб ўтилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Унга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан мактабларда умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:

  • халқаро тан олинган сертификатга эга педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга педагог кадрларга -уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида (чет тили бўйича сертификатлар бундан мустасно);

Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:

  • 2025 йил 1 январгача — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • 2025 йил 1 январдан — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида тўланади.

Ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади.

Умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.

2022 йил 1 декабргача мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиёти йўлга қўйилади.

2022 йил 1 сентябрдан Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва «Болалар кутубхоналари» ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилади.