6 май куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда Nexia автомобили пастликка қулаб, ёниб кетган, дея хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида яшовчи фуқаро Nexia русумли автотранспорт воситасини бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган. Бунинг натижасида Самарқанд-Қарши йўналишидаги А-378 автомобиль йўлининг 22-километрида автомашина бетон тўсиққа урилган ва пастликка ағдарилган.

Шундан сўнг автомобилда ёнғин келиб чиққан. Автомашина ичидаги тўрт нафар фуқаро ёнғин сабабли вафот этган. Ҳайдовчи эса оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Вафот этганларнинг орасида бир нафар 80 ёшли эркак, бир нафар 70 ёшли аёл ва 11 ёшли қизалоқ бўлган.