Сурхондарёда тадбиркор фермер хўжалиги балансидаги ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширгани маълум бўлди. Бу Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув вақтида аниқланди.

Таъкидланишича, «A.I.» МЧЖ раҳбари Р.Ф. томонидан Ангор тумани, «Мустақиллик 10 йиллиги» массиви ҳудудидаги «Саид Носирхон» фермер хўжалиги балансидаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонида 4 гектар ер майдони ўрнига амалда 7,10 гектар ер майдонидан фойдаланиб келган.

«Тадбиркор томонидан 3,10 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширилиб, 3,10 гектар ер майдонини қишлоқ хўжалик фойдаланишидан чиқишига сабаб бўлган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 3 млрд 183 млн сўм зарар етказилган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.