6−8 май кунилари Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида кемалар қабристони ёнида «Стихия» мусиқий фестивали ва унинг доирасида кўплаб форум ҳамда мутахассисларнинг учрашувлари ўтказилди.

Ушбу фестивалда 1,5 мингдан ортиқ маҳаллий ва 10 дан ортиқ давлатдан хорижлик туристлар, қолаверса, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон ҳам иштирок этди.

«Стихия» фестивали. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Софи Ибботсон «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда «Стихия»нинг Мўйноқ учун аҳамияти ва ҳудуднинг сайёҳлар учун ноқулайлик жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, «Стихия» фестивалининг аҳамиятини унинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби машҳур шаҳарларда эмас, айнан Мўйноқ туманида ўтказилаётганидан ҳам билиш мумкин.

«Бу ҳудуд учун йилдан-йилга катта фойда олиб келиши мумкин. Иккинчи ижобий жиҳати эса „Стихия“ маҳаллий аҳолини уларнинг ҳудуди қанчалик жозибадор ва саёҳатбоп жой эканлигини намойиш этишига имкон яратади. Шу сабабли ҳам йилдан-йилга бу фестивалнинг шайдолари кўпайиб бормоқда. Ўйлашимча, бу маҳаллий аҳоли ҳам туристларга мослашиб, уларга мос шароитларни кўпроқ яратиши, ҳам бунинг ортидан ўзларининг молиявий аҳволини яхшилаб олишига катта имкониятдир», — деди Софи Ибботсон.

Қолаверса, элчи туристлар сони кескин ошиб кетмаётганлигининг сабабларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Стихия» фестивали. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Туристларнинг кўпчилиги асосан Мўйноқ хусусан, Орол денгизининг археологияси, Орол фожиаси ва бу ерликларнинг маданияти билан танишиш учун келишади. Ва уларнинг фақат мавсум пайти келиши ҳамда сони камлигининг сабаби шуки — инфратузилма қониқарли даражада эмас», — деди у.

Софи Ибботсоннинг таъкидлашича, масъуллар қуйидагиларга кўпроқ эътибор қаратиши керак: тезюрар поездлар ёки авиақатновларни кўпайтириш, Нукусда халқаро аэропорт бор, аммо у ердан Мўйноққача бўлган (200 кмлик) йўл ҳам яқин эмас. «Боз устига йўллар носоз, уларни тузатиш керак. Қаер бўлишидан қатъи назар, бориш ва қайтиш осон ва тез, у ҳудудда яшаш қулай бўлса, ўша ҳудудга одамлар оқими кўпаяди», — деди у.

Борилган ҳудудда кутиб олиш ва кузатиш, туристларни ҳудуд билан таништирувчи малакали мутахассислар мавжудлиги, умуман, мамлакатда туризм сиёсати яхши ривожланган бўлса, туристлар сони ортиши кафолатланади, деган фикрда Ўзбекистоннинг сайёҳлик элчиси.

Софи Ибботсон мансабдорларни Мўйноқни янада ривожлантиришга, инфратузилма ва туристлар учун шароитларни яхшилашга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.


Мўйноқ аэропорти, 2022 йил, 23 февраль. Фото: Президент матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 февраль куни янгидан ишга туширилган Мўйноқ аэропортига келиб қўнганди. Ушбу «ҳаво порти» 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган, 1990 йилдан бери эса фойдаланилмай келинмоқда. «Энди Тошкент — Мўйноқ — Нукус авиақатнови йўлга қўйилади», — деганди давлат раҳбари.

26 март кунига келиб, Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари учун Тошкент-Нукус-Мўйноқ рейси амалга оширилиб, йўловчи авиақатновлари бошлангани эълон қилинганди. Президент ташрифидан 2 ойдан кўпроқ вақт ўтганига қарамасдан ҳануз мазкур аэропортдан фойдаланилмаяпти.

Туризм вазирлиги маълумотларига кўра, Қорақалпоғистонда ҳозирги кунда 45 та сайёҳлик ташкилоти, 33 та меҳмонхона, 36 та оилавий меҳмон уйлари ва 17 та умумий яшаш бинолари мавжуд. Бундан ташқари, 11 та микроавтобус, 45 та йўлтанламас автомобиль, 12 та квадроцикл, 25 нафар гид-таржимон, 200 дан ортиқ туристик объектлар (ҳунармандчилик устахоналари, ойни томоша қилиш хиёбонлари, музейлар, аквапарклар ва сув аттракционлари) фаолияти йўлга қўйилган. Пандемияга қарамасдан 2021 йилда Қорақалпоғистонга 284 минг маҳаллий ва 25 минг атрофида хорижий туристлар ташриф буюрган.

Нукус, Чимбой, Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний ҳамда Мўйноқ Қорақалпоғистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ўзида намоён қилган муҳим ҳудудлар ҳисобланади. Биргина Мўйноқнинг ўзида бир қанча туристик йўналишлар мавжуд, жумладан, экотуризм йўналишида Орол денгизи, Устюрт платоси, Судочье кўли экстремал саёҳат учун жуда қулай ҳисобланади. Этнотуризм йўналишида эса Мўйноқ аҳолисининг турмуш тарзи тарихи муҳим аҳамият касб этади, хусусан, Балиқчининг уй-музейи, Орол денгизи тарихи музейи, Ҳунармандлар аллеяси хорижликларда катта таассурот уйғотади.