Ўзбекистон Марказий банки биринчи чоракдаги пул-кредит сиёсати шарҳида валюта курсининг нархларга қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди.

Валюта курси инфляцияга бевосита импорт қилинадиган якуний маҳсулотлар нархларининг ўзгариши орқали, билвосита эса ишлаб чиқаришда импорт қилинадиган хом ашё нархларининг ўзгариши орқали таъсир кўрсатиши мумкин.

Таҳлилларда алмашув курси кескин ўзгариши билан базавий инфляциянинг тезлашгани кузатилган бўлса, баъзи даврларда алмашув курси ўзгариши маълум кечикишлар билан таъсир қилган.

Базавий алмашув курси ва инфляция ўзгаришларининг ойлар кесимидаги ўзгариши (фоизда)

Дастлабки натижаларга кўра, алмашув курсининг 1 фоиз бандга қадрсизланиши узоқ муддатда базавий инфляцияни 0,28 фоиз бандга тезлашишига сабаб бўлади.

Ушбу таъсир базавий инфляция компонентлари бўйича таҳлил қилинганида, бунда, энг юқори таъсир озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида намоён бўлиб, ушбу кўрсаткич 0,42 фоиз бандни ташкил этди. Базавий ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга алмашув курси ўзгаришининг узоқ муддатдаги оширувчи таъсири нисбатан камроқ бўлиб, мос равишда 0,18 ва 0,16 фоиз банд доирасида шаклланди.

Алмашув курсининг базавий озиқ-овқат маҳсулотларига кўпроқ оширувчи босими, биринчи навбатда, ушбу маҳсулотлар бошқаларга нисбатан ноэластик (нархлари ўзгарган тақдирда ҳам талаб ўзгармайди) бўлиб, уй-хўжаликлари истеъмол харажатлари таркибида юқори улушга (ўртача 40−50 фоиз) эга эканлигидир.

Шунингдек, маҳаллий бозорларда асосий турдаги истеъмол товарларида (ўсимлик ёғи, буғдой уни, шакар, гўшт маҳсулотлари, картошка ва бошқалар) импорт улуши юқорилиги боис озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари алмашув курси ўзгаришига боғлиқ ҳолда шаклланмоқда.

Март ойида сўм кескин қадрсизланиб, бир ярим ҳафта ичида (9 мартдан 18 мартгача) ўз қийматининг 6,1 фоизига — 10897,27 сўмдан 11571,99 сўмга тушиб кетди. Валюта курсини барқарорлаштириш ва инфляцион кутилмаларни камайтириш мақсадида 17 март куни Марказий банк курсни 14 фоиздан 17 фоизга оширди, шундан буён сўм 430,19 сўмга ёки 3,7 фоизга қимматлашди.

Ташқи вазиятдаги ўзгаришлар ва уларга мос равишда ички бозорлардаги тенденциялар йиллик инфляция даражаси февраль ойидаги 9,7 фоиздан март ойига келиб 10,5 фоизгача кўтарилди ва Марказий банкнинг прогнози траекториясидан юқорироқ шаклланди.

Марказий банк томонидан ўрганиб бориладиган базавий инфляция жорий йил январь-февраль ойларигача пасаювчи динамикада шаклланган бўлса, март ойига келиб 9,1 фоизни ташкил этди. Бунда, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга оширувчи ҳиссаси 6,9 фоиз бандгача ўсди.