2021 йил давомида барча тармоқларда меҳнат соҳасига оид 52,5 мингта қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Сенат йиғилишида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан берилган ҳисоботда келтирилган.

Инспекция мутахассислари мажбурий меҳнатга йўл қўйган 75 нафар мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 912 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар қўллади.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг:

  • 34 нафари халқ таълими муассасалари раҳбарлари (мактаб директорлари);
  • 9 нафари соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари;
  • 5 нафари транспорт соҳасида;
  • 6 нафари ободонлаштириш бошқармалари раҳбарлари;
  • 4 нафари банк соҳаси раҳбарлари;
  • 5 нафари туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
  • 5 нафари тадбиркорлик ва қурилиш соҳасининг маъсул раҳбарлари;
  • 7 нафари бошқа соҳадаги раҳбарлар.

Сенат раиси Танзила Нарбаева мазкур статистикага бир неча кун аввал, маҳаллий интернет-нашрларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида Жамоат хавфсизлиги университети талабаларидан мажбурий меҳнатга жалб этилганини мисол қилиб келтирди.

«…Айрим мутасадди раҳбарлар ҳали ҳам эскича фикр, эскича қарашлар билан юрганлиги ачинарли, албатта. Қачонгача тушунтириш ишларини олиб бориш керак? Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга мутлақо зид ҳолат бу. Ушбу ҳолат жойига чиқиб ўрганилди ва университетнинг мутасадди ходимларига нисбатан интизомий чоралар ҳам кўрилди. Аммо бир нарсани яхши англаб олишимиз керак, биз бундай ҳолатларни қоралаймиз, битта ҳолат бўлса ҳам — бу жиноят. Шунинг учун бу каби ҳолатларга тўлиқ барҳам бериш, мутасадди раҳбарлар масъулиятини янада ошириши керак», — деди у.

Қолаверса, пахта мавсумида олиб борилган мониторинг натижасида меҳнат қонунчилиги талабларини бузган 65 нафар (2020 йилда — 231 нафар) мансабдор шахсларга ҳам 49 ва 51-моддалари билан маъмурий жарималар (849 млн сўм) қўлланилган.

Хусусан, 5 та ҳолатда мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлиги, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 25 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўланмаганлиги бўйича тегишли мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлиги учун 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди, 5 та ҳолатда ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

2021 йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳолатлари энг кўп Жиззах вилоятида аниқланди, яъни республика бўйича қайд этилган ҳолатларнинг 72 фоизи (3 таси) ушбу ҳудудга тўғри келди, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 1 тадан ҳолат қайд этилди.

Шунингдек, йил давомида маъмурий судлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) асосан 5 нафар шахсга нисбатан 5 та иш кўрилган ҳамда 5,2 млн сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди.