4 май куни соат 21:30 ларда «Қамчиқ» довонида кучли ёғингарчилик кузатилганлиги сабабли «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўлининг 19 км «Кўл» станциясига олиб борувчи автомобиль йўлининг ювилиши оқибатида поездни электр қуввати билан таъминловчи таянч устуни қулаган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида тезкор штаб тузилиб, «Қамчиқ» МҚЁҚБ ва «Ўзбекистон темир йўллари» махсус авария-тиклаш бригадаси ва муҳандислик техникалари билан йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, электр таянч устуни, ҳамда йўл остидан қўшимча сел ўтказгич қуриш ишлари амалга оширилган.


Шунингдек, автомобиль йўлида сел, тошқин оқибатларини бартараф этиш ва ёғингарчилик сувларини беталофат ўтказиб юбориш мақсадида сув ўтказиш иншоотларини ва кюветаларни тозалаш тадбирлари олиб борилди. Довон ҳудудида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш тадбирлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 май куни «Қамчиқ» довонида кузатилган сел оқибатида «Ўзбекистон темир йўллари» кетма-кет икки кун Фарғона водийсига ҳаракатланувчи поездлар қатновини вақтинча тўхтатди. 6 май куни эса компания Фарғона водийси йўналишида темир йўл орқали ҳаракат тикланганини маълум қилди.