Миллий масс-медиани қўллаб-қуватлаш жамоат фонди медиаҳамжамиятнинг фаол аъзолари билан биргаликда Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигига (АОКА) очиқ мурожаат йўллади.

Унда айтилишича, гендер масаласида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида» ва бошқа шу каби бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигига қарамасдан, Ўзбекистонда гендер соҳасида ҳамон ҳал қилинмаган қатор муаммолар мавжуд.

Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларини бартараф этиш бўйича қўмита ўзининг Ўзбекистонга оид якуний кузатувларида фуқароларнинг гендер масаласидаги нозик жиҳатлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, ОАВда камситилган аёллар сиймоларини тарғиб қилмаслик, ОАВни гендер зўравонликка қарши курашга жалб қилиш зарурлиги тўғрисидаги тавсияларни яна бир бор такрорлади.

«Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясида медиа маҳсулотларининг гендер экспертизаси амалга оширилмагани, ОАВда аёллар ва эркакларнинг оила ва жамиятдаги ўрни тўғрисида анъанавий қарашлар эфирга узатилаётгани, босма ва электрон ОАВда аёлларнинг жамият ривожига қўшган ҳиссаси етарлича ёритилмаётгани қайд этилган», — дейилади хабарда.

«Кўрилаётган чора-тадбирлар нима учун, шу жумладан, ОАВда камситилган аёлларнинг сиймосини яратмаслик борасида ўз самарасини бермаётганини тушуниш мақсадида биз — медиа ҳамжамиятининг бефарқ бўлмаган аъзолари сизга Ўзбекистонда эълон қилинаётган янгиликлар, эфирга узатилаётган ток-шоу ва кино маҳсулотлардаги аёллар образининг мамлакат гендер сиёсати ва халқаро талабларга жавоб бериш-бермаслигини малакали гендер эксперизасидан ўтказиш ва ушбу экспертиза натижаларини тақдим этишингизни сўраб мурожаат қиляпмиз», — дейилади фонднинг АОКАга мурожаатида.

Олинган маълумотлар асосида хотин-қизларнинг роли ва имкониятларини ёритиш, ОАВда камситилган аёл сиймосини намойиш этиш даражасини пасайтириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилади.

Мазкур лойиҳанинг халқаро мажбуриятлар ва Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилиши кутилмоқда, дея якуланади мурожаат.