Жума куни «Газета.uz» Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарорига таяниб, Туркиянинг Outdoor Factory компанияси Ўзбекистон тарихи музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Давлат табиат музейларининг реконструкция лойиҳаси доирасида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудрат ишларини бажариш ҳуқуқини тендерсиз қўлга киритгани ҳақида ёзганди.

30-сонли баённомага кўра, 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевга лойиҳалар тақдимоти якунлари бўйича Outdoor Factory томонидан ишлаб чиқилган учта музейни реконструкция қилиш ва рақамлаштириш концепцияси лойиҳаси маъқулланди. Истисно тариқасида, у билан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудрат ишларини бажариш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тақдимот якунлари бўйича маъқулланган лойиҳа Outdoor Factory томонидан ишлаб чиқилганини таъкидлади. Мазкур лойиҳа маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳокимлик ҳозирча музейларни реконструкция қилиш ва рақамлаштириш харажатларини эълон қилмаган.

«Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, Тошкентда учта музейни реконструкция қилиш ишлари турк компаниясига тендерсиз топширилган, Outdoor Factory пойтахтимиздаги йирик объектларни лойиҳалаш ва қуришда иштирок этгани ёки компания кимнингдир шахсий қарорига биноан эмас, балки белгиланган талаблар асосида лойиҳани ишлаб чиқиб, тақдим этгани учун юқори даражадаги тақдимот муҳокамаси натижасида унга [лойиҳа] ишонч билдирилган», — дейилади хабарда.

Outdoor Factory компанияси «Истиқлол» мажмуаси ва «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғи, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» университети,Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган туристик марказ (Зарқайнар кўчаси реконструкция қилиниши)ни лойиҳалаш ва қуришда, «Технопарк» (собиқ ТАПОиЧ) ҳудудида жойлашган аквапарк лойиҳаларида, Magic City қурилишининг иккинчи босқичи ва бошқаларда иштирок этган. «Газета.uz» мазкур лойиҳалар танлови ҳақида маълумот топа олмади.

Outdoor Factory — 2010 йилда Истанбулда ташкил этилган Туркиянинг йирик қурилиш ва лойиҳалаштириш корхонаси. Компаниянинг асосий фаолият тури — боғлар, музейлар ва маданий объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш. Outdoor Factory Туркия, Қатар, Италия, АҚШ, Германия ва Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарига эга. Корхона дунё миқёсида 350 дан ортиқ концептуал лойиҳалар, шунингдек, 25 музей ва 110 монумент лойиҳаларни амалга оширган.

Ноябрь ойида Outdoor Factory ва MIMAR Group қурилиш холдинги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди (Интернетда унинг Akfa компаниялар гуруҳи таркибига тегишли эканлиги ҳақида маълумотлар бор).