Тошкент вилоятининг Қибрай туманида давлат нотариал идораси нотариуси Тошкент вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида мажбурий даволанаётган фуқаронинг уйини сотиб юборганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура Департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, фуқаро З. Ч. Қибрай тумани 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси лавозимида ишлаган даврида фуқаро С. Г. ва бошқалар билан олдиндан тил бириктирган. У Тошкент вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида мажбурий даволанаётган фуқаро В.нинг Чирчиқ шаҳрида жойлашган хонадонининг ҳужжатларини сохталаштириш йўли билан сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.