4 май куни кечга яқин Тошкентнинг шимоли-шарқий қисмида кучли ёмғир ёғди. Орадан кўп вақт ўтмай, Мирзо Улуғбек ва қўшни Юнусобод туманларида кўчаларни кучли сел босиши кузатилди.


Фото: t.me/tashkentvokrug

Ижтимоий тармоқларда Акушерлик ва Гинекология илмий текшириш институти яқинидаги сув босган чорраҳани секин кесиб ўтаётган автомобиллар, сув остида қолган пиёдалар йўлаклари ва автобус бекатлари акс этган видеолар пайдо бўлди. Яқин атрофдаги уйларнинг ҳовлилари ва кириш жойларини ҳам сув босди. Худди шундай ҳолат Боғишамол кўчаси ва бошқа кўчаларда ҳам кузатилди.


Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Максим Черниковнинг айтишича, кечаси Акушерлик ва гинекология институти ёнидаги чорраҳада Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Иргашевлар бўлган.

Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулахатовнинг сўзларига кўра, ёғингарчилик бир кун аввал пойтахтнинг фақат тўртдан бир қисмида кузатилган. «Қолган жойларда бир томчи ёмғир йўқ эди», — деб ёзган у.

5 май куни кечқурун Тошкентда вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Пойтахтда кучли ёғингарчилик пайтида кўчаларни сув босиши одатий ҳол эмас. 2019 йилда сув тошқинларининг олдини олиш ва оқибатларини тезкор бартараф этиш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари ва туман ҳокимлари бошчилигида шаҳар ва туман штаблари ташкил этилган эди. Ҳокимлик Тошкент ирригация-дренаж тизими эскиргани, капитал таъмирлашга қарийб 60 миллион доллар керак бўлгани, шунингдек, суғориш тармоқларида маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолгани ва масъул шахсларнинг «сустлиги» туфайли кучли ёғингарчиликка бардош бера олмаслигини таъкидлаган эди.

2014 йил май ойида пойтахтнинг кўплаб туманларида рўй берган кучли сув тошқинидан кейин Ўзбекистон ҳукумати 2015 йил бошида 1960 йилдан буён шаклланган амалдаги ирригация-дренаж тизими «сел тошқинларининг оқилона ўтишини таъминлай олмаслигини» тан олди. 2015−2017 йилларга мўлжалланган кучли ёғингарчилик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар рўйхати тасдиқланди.

Охирги ҳафталарда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида сел ва сув тошқинлари кузатилмоқда.