Ҳукуматнинг 5 майдаги қарори [233-сон] билан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Низомга мувофиқ, ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган имтиҳонлар асосида амалга оширилади.

Ўқувчилар фақат ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.

Танловда қатнашиш учун қабул комиссиясига платформа орқали ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, табель нусхаси, 3×4 расм, олимпиада ғолиблигини тасдиқловчи ҳужжат (бор бўлса) юборилади.

Кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест шаклида ўтказилади:

  • аниқ фанлар йўналишида: математика, физика, инглиз тили;
  • табиий фанлар йўналишида: биология, кимё, математика, инглиз тили.

Мактабларда таълим аниқ фанлар йўналиши бўйича 5−11-синфлар, табиий фанлар йўналиши бўйича 7−11-синфларда амалга оширилади.

Ҳар бир синфда ўқувчилар сони 24 нафардан кўп бўлмайди.

Аввалроқ, 1 сентябргача Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ихтисослаштирилган 19 та мактаб-интернат ва 141 та мактаб ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик. Мактабларда сунъий интеллект, робототехника, нанотехнология, IELTS ва TOEFL бўйича қўшимча курслар ўтилиши назарда тутилган.