4 май куни Мудофаа вазирлигининг Мутахассислар ва хизмат итларини тайёрлаш марказида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар жамоалари ўртасида «Дог биатлон» бўйича мусобақалар бошланди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги «Газета.uz»га.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган мусобақада Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитаси жамоалари хизмат итлари билан қатнашмоқда.

Жамоалар дастлаб «Дог биатлон» шартида ўзаро беллашишди. Унга кўра, иштирокчилар 3200 метр масофага якка тартибда югуриш билан бирга белгиланган нишонни ҳам ўта аниқлик билан мўлжалга олган ҳолда вазифаларни юқори аниқликда бажаришга ҳаракат қилишди, дейилади хабарда.

Танлов кинология соҳасини ривожлантириш, мутахассис кинологлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, натижалар самарадорлигини янада ошириш, уларни халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, «Дог биатлон» 7 майга қадар давом этади, мусобақага кириш бепул. Мусобақа майдончаси Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти орқасида жойлашган.

Фото

Видео