Ўзбекистонда 9 май кунига сиёсий тус бермаслик сўралди

«Юксалиш» ҳаракати Ўзбекистонда 9 май санасини сиёсий тус бермасдан, вазмин ҳамда жамият қадриятларидан келиб чиққан ҳолда нишонлашни сўради. Ҳаракат ушбу сана жамият учун тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида қадриятга айланиб қолганини эслатиб ўтди.

Кучли ёмғир туфайли Тошкент кўчалари яна сув остида қолди

Чоршанба куни кечқурун кучли ёмғир туфайли Тошкент шимоли-шарқида кўча ва ҳовлиларни сув босди. Маълум қилинишича, пойтахт ҳокими ва бошқа мутасаддилар тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларини кузатган.

Маҳаллий туристлар Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлари учун кешбэкни қандай олиши мумкин?

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилган маҳаллий туристлар учун кешбэк Туризм вазирлигининг электрон платформаси орқали тўлаб берилади. Бунда туристлардан сафар давомида авиа, темир йўл ёки автомобиль транспорти ва турар жой хизматларидан фойдаланиш, қолаверса, маданият ташкилотларига ташриф буюриш талаб этилади.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон минтақадаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари телефон орқали мулоқоти давомида бир-бирини Рамазон ҳайити билан табриклаб, икки томонлама ҳамкорлик ва Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Тез ёрдам хизматининг учта «хўжайини» бор, ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган — президент

Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 50 мингдан ортиқ шикоят келиб тушганини танқид қилди. «Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг учта „хўжайини“ бор», — деди президент. Энг катта муаммо — шошилинч ёрдам беморга яқин шифохонада эмас, бакли фақатгина бириктирилган шифохонада кўрсатилишида эканлиги айтилди.

Тошкентда ШҲТ туризм форуми бўлиб ўтади

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида 19−20 май кунлари Тошкентда ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси мутасаддилари иштирокида туристик форум бўлиб ўтади.

Тошкент аэропортида багаж бўлинмаси ишини эфирга узатиш бошланди

«Тошкент» халқаро аэропортига етиб келган йўловчилар ўз юкларини энди камералар орқали кузатишлари мумкин. Бу юкчиларни интизомга чақириши ва кутиш вақтини қисқартиришга хизмат қилиши керак. Илгари йўловчилар чамадонларнинг шикастлангани ҳақида кўп шикоят қилишарди.

Спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлими билан боғлиқ иш бўйича судланувчиларга ҳукм ўқилди

Қаршида спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. 26 нафар айбланувчи орасида уч нафар вояга етмаган бола ва уч нафар ички ишлар органлари ходими ҳам бор. Улардан 19 нафари 3 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди. Айбланувчилар моддий ва маънавий зарарни ҳам қоплашлари шарт.

Ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Унга кўра, имтиҳонлар аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказилади.

Майнерлар учун рўйхатдан ўтиш ва энергия учун оширилган тариф жорий этилади

Ўзбекистонда майнерлар учун мажбурий рўйхатдан ўтиш, электр энергиясига оширилган тарифлар ва бошқа талаблар жорий этилмоқда. Фақатгина компаниялар майнинг билан шуғулланиши мумкин. Тўлов воситаси сифатида криптовалютадан фойдаланиш тақиқланади.

Осиё ва Параосиё ўйинлари ғолиблари ва уларнинг мураббийлари рағбатлантирилади

Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийлар ва бошқа мутахассислар қўшимча равишда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.

Nest One осмонўпар биноси қурилиш майдончасида ёнғин содир бўлди

Tashkent Сity`даги Nest One осмонўпар биноси қурилиш майдончасида содир бўлган ёнғин ўчирилди, жабрланганлар йўқ.

Андижонга Хитойдан 14 та автобус келтирилди

Андижонга Хитойдан кондиционер ва кузатув камерали 14 та янги автобус келтирилди. Улар 70 йўловчини ташиш имконига эга.

Қибрайда қурилиш бошлаган икки компания қишлоқ хўжалиги ерларига 1,8 млрд сўмлик зарар етказди

Қибрай туманида икки компания суғориладиган иккита ер майдонида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар 1,8 млрд сўмдан ортиқ деб баҳоланди.

Фуқарони пул эвазига Швецияга ишга юборишни ваъда қилган корхона раҳбари ушланди

Пойтахтнинг Чилонзор туманида корхона раҳбари фуқарони 4 минг доллар эвазига Швеция давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, ундан сўралган сумманинг 2 мингини олган вақтида ушланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

«Бу Тошкентнинг бренди». Чорсудаги 7 та кичик гумбаз ҳам маданий мерос объектлари рўйхатига киритилади

Маданий мерос агентлиги Чорсу бозоридаги марказий гумбазга ҳамоҳанг тарзда қурилган 7 та кичик гумбаз давлат муҳофазасига олинганини маълум қилди. Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиевнинг сўзларига кўра, гумбазлар Тошкентнинг юзи ҳисобланади. Илмий эксперт кенгаши аъзоси Зафар Ҳакимовнинг фикрича, Эски-Жува маконини археологик ёдгорлик сифатида сақлаб қолиш керак. Агентлик Чорсу бозорини Эски шаҳарнинг тарихий ҳудуди сифатида рўйхатга олишни режалаштираяпти.

Тедди костюми Микки Маус костюмидан қулайроқ. Айиқвойлар ниқоблари ортида кимлар яширинади?

Туғруқхоналар олдида, истироҳат боғларида ва тўй-базмларда Микки Маус, Бурундуқ ҳамда бошқа машҳур мультфильмлар қаҳрамонлари костюмларини кийиб олган одамларни учратиш мумкин. Аниматорлар ниқоблари ортида ким яширинади, бу иш учун қанча ҳақ тўлашади ва бундай кийимнинг ичида бўлиш қанчалик иссиқ — «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам ушбу саволларга жавоб излади.

Кинологлар ва хавфсизлик кучларининг хизмат итлари «Дог биатлон»да беллашмоқда (+фото, видео)

Чирчиқда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган «Дог биатлон» мусобақаси бошланди. Унда Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг отрядлари ўз хизмат итлари билан қатнашмоқда.