3−4 май кунлари УЕФА Чемпионлар лигасининг ярим финал ўйинлари жавоб учрашувлари бўлиб ўтди.

Энфилддаги биринчи ўйинда 2−0 ҳисобида ишончли ғалабага эришган «Ливерпуль» Испанияда бўлиб ўтган жавоб баҳсида «Вильярреал»ни 2−3 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа финалига йўл олди.

Испанияликлар босими остида ўтган биринчи бўлимда Унаи Эмери шогирдлари 2 та гол уриб, мувозанатни тиклаган бўлса, иккинчи таймда «Ливерпуль» футболчилари бунга учта гол билан жавоб қайтаришди. Умумий ҳисоб 5−2, «Ливерпуль» фойдасига.

Фото: uefa.com

Иккинчи ярим финал баҳсида «Реал Мадрид» ўз уйида «Манчестер Сити» клубини қабул қилди. Биринчи ўйин голларга бой бўлган (4−3) ва манчестерликлар кичик устунлик билан ғалаба қозонишган эди.

Ўйиндаги биринчи голни иккинчи бўлимда жазоирлик Рияд Маҳрез Тибо Куртуа дарвозасига жойлади. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса заҳирадан майдонга тушган Родриго икки дақиқа ичида иккита гол уриб, учрашувдаги ҳисобни 2:1 га етказди. Умумий ҳисоб тенглашгани учун (5:5) жамоалар қўшимча иккита тайм ўйнашди.


Қўшиб берилган биринчи таймнинг 95-дақиқасида учрашув ҳаками «Манчестер Сити» дарвозасига пенальти белгилади. Пенальтини ишлаб олган Карим Бенземанинг ўзи 11 метрли жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, «Реал Мадрид»ни ўйинда (3:1) ва иккала учрашув умумий ҳисобида (6:5) ҳам олдинга олиб чиқди. Шу билан ўйин охиригача ҳисоб ўзгармади.

Шундай қилиб, 28 май куни Париждаги «Стад-де-Франс» стадионида бўлиб ўтадиган финал ўйинида «Ливерпуль» ва «Реал Мадрид» клублари мусобақа ғолибини аниқлаш учун майдонга тушади.

Маълумот учун, 2017−2018 йилги Чемпионлар лигаси мавсумида ушбу иккала клублар финалда тўқнаш келишган. Киевда бўлиб ўтган ўша учрашувда «Реал Мадрид» Карим Бензема ва Гарет Бейлларнинг голлари эвазига 3−1 ҳисобида «Ливерпуль» устидан ғалаба қозониб, 13-чемпионликни нишонлаган эди.