5 май куни Шавкат Мирзиёев раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.

«Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та «хўжайини» бор. Жумладан, тиббиёт ходимини «райздрав» тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса «облздрав»га бўйсунади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай бошқарув тизимида чалкашликлар кўплиги, бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслиги танқид қилинди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам ягона тизимга бирлаштирилиб, рақамлаштирилгани, лекин ҳудудларда бу ишлар бошланмагани қайд этилди.

Тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланмоқда.

«Шу билан бирга, туман даражасида шошилинч тиббий ёрдам тизими самарали йўлга қўйилмаган. Жумладан, туман шифохонасида терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида ҳам режали, ҳам шошилинч бўлимлар мавжуд ва улар бир-бирини такрорлайди. Бунинг натижасида шошилинч операцияни бир бўлимда, унинг келгусидаги даволаниши бошқа бўлимда ўтказилмоқда. Оқибатда бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора», — деди президент.

Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига бу масалани ичига шахсан кириб, ушбу самарасиз амалиётдан тўлиқ воз кечиш чораларини кўриш топширилди.

Тизимдаги энг катта муаммо — шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилиши қайд этилди.

Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани, «Қорасув-1» мавзесида «ўткир бош-мия жароҳати» олган беморни, тез ёрдам бригадаси йўлидаги энг яқин шифохона — Республика нейрохирургия марказига эмас, балки Чилонзордаги Республика шошилинч марказига олиб боришга мажбур. Шу каби, Фарғона тумани Миндонобод қишлоғида вилоят Кардиология маркази бўлса-да, ушбу қишлоқдаги юрак хуружига учраган беморни тез ёрдам 15 км йўл босиб, Водилда жойлашган туман шифохонасига олиб боради.

«Шу боис, тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди ва барча ҳокимларга етказилди. Лекин, аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу масаланинг мазмун-моҳиятини ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ, айримлари эса тушунишни хоҳламаяпти, — деди давлат раҳбари.