4 май куни Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари кузатилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Тумандаги Зоминдаги «Пишоғар», «Аччи» ва «Шўрча» қишлоқларидан ўтган сойлардан сел сувлари оқиши кузатилган.

Ҳодиса натижасида сел сувлари «Жиззах — Зомин» автомобиль йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан ушбу йўлнинг 25, 26, 27 км лари устидан тошиб, яна сой ўзани бўйлаб оқиб ўтган.

Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ФВВ қутқарувчилари сувда оқиб келаётган «Пишоғар» ҚФЙ Қонғли қишлоғида яшовчи 20 ёшли фуқаро Э.Н.ни қутқариб қолишган. Ҳозирда фуқаронинг аҳволи яхши, у тан жароҳати олмаган.

Сел оқими натижасида аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошиши ҳолатлари кузатилган.

Воқеа жойида вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар тегишли хизматларнинг куч ва воситалари томонидан сел сувлари тошган кўчалар, аҳоли хонадонлари ўрганилмоқда, йўлларда хавфсизлик ЙҲХ хизмати томонидан назоратга олинган.