ДХХ Тожикистондан кириб келган поездда гиёҳвандлик воситасини аниқлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти Бекобод тумани «Бекобод-темир йўл» халқаро ўтказиш пунктига «Хўжанд-Арис» йўналишида Тожикистондан кириб келган юк поезди ҳамда унинг таркибида бўлган вагонлар белгиланган тартибда тўхтатилган. ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида хизмат итлари ёрдамида кўздан кечирилган.

Юк поездини кўздан кечириш жараёнида қурилиш молларини ташишга мўлжалланган вагонларнинг бирининг жуфт ғилдиракларини улаб турувчи таянч асосининг ғовагида қора рангли полителен пакет борлиги аниқланган.

Пакет холислар ва мутахассислар иштирокида очиб кўрилганда, унинг ичидаги икки ўрамда 1 кг 949 гр «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.