2022 йилнинг апрель ойида истеъмол бозоридаги инфляция 1,47% ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Олдинги йилларга таққослаганда ойлик инфляция суръати пасайган. 2021 йилнинг апрель ойида товарлар ва хизматлар ой давомида ўртача 1,5% га ва 2020 йилнинг қатъий карантин даврига тўғри келган мос даврида 1,7% га қимматлашган.

Йил бошидан нархларнинг ўсиш суръати 4,4%ни ташкил этди, бу 2020 йилги пандемия давридаги кўрсаткичдан (4,5%) озгина камроқ, лекин 2021 йилги кўрсаткичдан (4,04%) юқорироқ. Йиллик нисбатда истеъмол секторида нархларнинг ўсиш суръати 10,4%га етди (2021 йилда 10,7% ва 2020 йилда 14,5% эди). Бу кўрсаткич март ойида сал юқорилаган эди.

Нархлар ошиши бўйича етакчилик бир ой аввал бўлгани каби озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, 2022 йил апрель ойи давомида уларнинг нархлари ўртача 2,1%га ошди, ўтган йил апрелига нисбатан эса 13,4%га ошди. Таъкидлаш лозим, 2021 йил ва 2020 йил апрелида озиқ-овқат нархлари ўсиши бундан юқори бўлган, мос равишда 3% ва 3,3%.

Мавсумий омиллар сабабли сабзавотлар ва илдизмевалилар 3,6%га (йил бошидан — 23%га), мевалар — 2,6%га (10,4%) қимматлашган. Украинадаги уруш, Қозоғистон ва Россия давлатларининг айрим маҳсулотлар экспортини чеклаганликлари ортидан апрель ойида донли экинлар нархи 2,8% га (йил бошидан 5,7%га), ёғ-мой маҳсулотлари 2%га (4,4%), шакар эса 1,7% (7,3%га) га ошган.

2022 йилнинг апрель ойида йиллик нисбатда сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар нархлари 33,3%га ошди, мевалар ва ёнғоқлар 14,1% га ўсди. Шакар 2022 йилнинг январь-апрелида (15,5%) ва йиллик нисбатда (30,5%) ҳам нархлар ошиши бўйича етакчи ўринни ушлаб туришда давом этмоқда.

Апрель ойида озиқ-овқатлардан ун 5,2%га, сут 2,3%га, кунгабоқар ёғи 2,5%га, сарёғ 2,2%га, пиёз 10,7%га, сабзи 10,1%га юқори даражада қимматлаган.

Саноат товарлари (ноозиқ овқат маҳсулотлари) нархининг ўсиши олдинги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Апрель ойида улар 1,4%га қимматлади (2020 йилнинг мос даврида 0,7% ва 2021 йил апрелида 0,4%га ўсган). 12 ой ичида нархлар 9,3% га қимматлашган — 2020 йилда 9,5% ва 2021 йилда 8,5%.

Маиший техника нархлари бир ой ичида 1%га ва йиллик нисбатда 10%га қимматлашди. Мебеллар учун ушбу кўрсаткич тегишли равишда 1,2% ва 8%ни ташкил этди. Кийим ва поябзал нархлари апрелда 1,1% га, 12 ой ичида 7% га қимматлаган.

Хизматлар бозорида инфляция апрель ойида 0,5%ни ташкил қилди. Бу ерда энг сезиларли ўсиш ресторанлар ва меҳмонхоналар хизматлари соҳасида кузатилмоқда — 1,9%. Йиллик нисбатда хизматлар нархлари 6,5%га ошган бўлса, 2021 апрелида бу кўрсаткич 8,6%га ва 2020 йилнинг мос даврида 13,8%га тенг эди.

Марказий банк йил охирида инфляция кўрсаткичи 9%дан пасайиши мумкинлигини эълон қилган эди, бироқ Украинадаги ҳарбий ҳаракатлардан сўнг ва Россиядан пул ўтказмалари ҳажми қисқариши кутилаётганлиги сабабли регулятор ўз прогнозини қайта кўриб чиқиб, йиллик инфляцияни 12−14% атрофида баҳолади.