2020 йил 1 май куни соат 05:55. Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет девори ёрилиб кетди. Шу куни сардобаликлар ҳаётидаги энг катта фожиалардан бири содир бўлди. Сув омбори ёрилиши оқибатида яқин ҳудудга жуда катта зарар етказилди, 6 киши вафот этди, кўплаб уйлар вайронага айланди, аҳолининг кўп йиллик рўзғори бир неча соат ичида йўққа чиқди. Сардобаликлар «Газета.uz»га ушбу фожиада қандай қилиб ўз ҳаётларини сақлаб қолганликлари ва уларнинг сўнгги 2 йиллик ҳаёти қай тарзда ўзгариб кетгани ҳақида сўзлаб берди.
Биринчи суҳбатдош — илмий тадқиқот иши сувда оқиб кетган, фалсафа доктори, доцент Камола Аброрхонова. 2020 йил 15 май куни Шавкат Мирзиёев Сардоба фожиасидан жабр кўрган аҳоли билан суҳбати чоғида у бир неча йиллик илмий ишининг йўқотилганлигини айтган эди. Давлат раҳбари истисно тариқасида Камолага фалсафа доктори унвони берилишини маълум қилганди.
18 май куни у ўз илмий ишини Ўзбекистонда илк маротаба онлайн тарзда ҳимоя қилиб, фалсафа доктори бўлди. Кейинроқ у Тошкент педагогика университети Бошланғич таълим педагогикаси кафедраси мудири этиб тайинланди, 2022 йилда эса доцент илмий унвонини олди.
Тирик қолиш инстинкти
2020 йил 1 май тонгги тахминан соат 6:10 ларда, Рамазон ойи эди, саҳарликдан кейин уйдагилар дам олаётганди. Мен эрталаб ҳар доимгидек челакни кўтариб, сигир соғгани кетаётгандим. Кўчага чиққанимда қўшнимиз югуриб, ўпкаси тўлиб, ранглари қизарган, терлаган ҳолда «Камолахон қочинг, сув келди» деб чиқиб келди.
У шунчалар ҳаяжонда, қўрқувда бошқа гап гапира олмаяпти. Кейин «қанақа сув?», дедим. Бизда ичимлик суви катта машиналар, цистерналарда келарди ва биз сувни сотиб олар эдик. Эрталаб бунақа вақтда сув олиб келишмасди. Шунинг учун эрталаб сув келмайдику деганимда, «йўқ, сув омбори ёрилди, сув келди», деди. Биз бунақа ҳолатга тайёр эмас эдик. Буни эшитиб, бироз шокка тушиб қолдик. Югуриб кириб, укамни уйғотдим.
Ўзи шовиллаган овоз эшитилаётганди, энди бу нимани овози, балки шамол ёки бошқа нимадир, ҳақиқатни англаб, улгурмагандик. Нечадир дақиқаларда бўлаётган воқеалар. Укам уйимизни томига чиқиб, кўрдики, ҳақиқатдан ҳам сув тошаяпти. Уйда ҳамма ухлаяпти, ҳатто фарзандим ҳам, ота-онам ҳаммалари дам олишаётганди. Қўлимда сигир соғишга кетаётган челак эди, ўшандек уст-бошда уйга кириб, фарзандимни кўтардим-да, ҳовлидаги мошинага олиб чиқдим. Уйдагилар ҳам қанақа кийим, уст-бошда ухлашаётган бўлса, худди шундай чиқиб келиб, машинага ўтиришди.
Кўчага чиққанимизда ҳамма жойда тўполон, одамлар қочган, ҳамма югурган. У ердаги ваҳимани тасаввур ҳам қила олмайсиз. Инсоннинг тирик қолиш инстинкти дейдими буни… Маҳалла раиси ҳаммани уйдан чиқинглар, қочинглар деб огоҳлантираяпти, маҳалла посбонлари эвакуация деб юрибди машинада. Ҳеч қачон бунақа ҳолга тушмагани учун фуқаролар озгина саросимада.
«Киноларда кўргандик»
Маҳалладан чиқишда автомобили, улови йўқ аёллар уй кийимида, қўлида чақалоғи билан югуриб кетаётганлигини кўрдик. Биз-ку бир оила бўлиб, битта автомобилда кетаяпмиз, ёрдам бергингиз келади, лекин мени ҳам қўлимда ёш болам бор. Ўзимни, фарзандимни биринчи қутқаришим керак. Йиғлашингизни ҳам билмайсиз, бу жараёнда кимгадир қўнғироқ қилишга ҳам, ҳаёжонда бўлганингиз учун ҳеч нимага улгурмайсиз. Ўша маҳаллада акаларим ҳам турар эди, улар ҳам ўзларини автомобилларида чиқиб кетишди.
Аёллар, гўдаклар, болалар ҳали ҳеч нимани тушунишмайди, жараён қандай бўлиши, оқибатида нималарга олиб келишини ҳис қилишмайди. Шунчаки ҳамма қочаяпти. Ўша пайтда укаларим, жиянларим бизни юқорироқ жойга, тахминан 20 дақиқалик йўл юриб, Янгиер шаҳрига олиб боришди-да, яна қайтиб кетишди. Маҳалла йигитлари то сув киргунча машинасининг бензини, гази тугагунча бутун маҳаллани қутқаришга ҳаракат қилишди. Тракторлар, эски Москвичлар, ҳатто юкхоналарида ҳам кампирлар, аёллар, ҳамма бир-бири билан чиқиб кетди.
Тахминан соат 7:30 ларда, орадан бир ярим соат ўтаяпти, телефон орқали билаяпмизки, маҳалламизга сув кириб келди. Биз чиқиб кетаётганимизда бўлса бир тахминан ярим метр сув келади ва биз қайтиб келамиз деб ўйлагандик. Ўзи одатда қишлоқларда дарвозалар қулфланмайди, шундай очиқ қолган. Молларимизни ҳам арқонини бўшатмаганмиз, товуқ, мол жойида, ҳамма нарса шундай қолган. Сув кириб келди дейишди, ярим метр, бир метр, соат 8 лар бўлгандан кейин 5 метр дейишди. Томлар кўринаяпти, бошқаси кўринмайди.
Буни эслашни ўзи қийин, чунки ҳеч нарсасиз қолиш қийин. Тўғри тирик қолдик, Аллоҳга шукур жонимиз соғ. Бир неча сониялар, бир неча соатларда одам бунақа вазиятга тушиши кутилмаган ҳолат. Маҳалладан ким чиқди, ким қолди деб ҳамма бир-бири билан боғланишга ҳаракат қилди. Ўша вақтда инсонийлик, мехр, яқинларига бўлган эътибори, бир-бирини яхши кўриб қидириши — киноларда кўрган эдик бу жараёнларни, ҳаётда кўрмаган эдик, шу куни кўрдик.
«9 йиллик қўлёзма тадқиқот ишим»
Соат 8 дан ўтди, сув кириб келди, биринчи савол — Қаерга борамиз? Қандай кун кечирамиз? Ва бизда нима қолди? Автомобилда, шу уй кийимида битта фарзандимни олиб чиққанман. Машинамда ноутбуким бор эди, чунки бир кун олдин ишга борган эдим.
Диссертациямни электрон варианти ноутбукимда бор эди, лекин тажриба синов иши қолиб кетганди. Илмий тадқиқот иши билан шуғулланган инсонлар билади, тажриба синов қисми бу унинг қаймоғи. Энг асоси, энг ширин жойи, энг мазали, энг кўп меҳнатингиз сарф қилинадиган жойи. Мен уни йиллар давомида Хоразм, Андижон, Тошкент, Жиззах, Сирдарёдаги мактабларга бориб, ўтказиб келгандим. Хатто Андижонда борган мактабларимизга туман мудирлари ҳам бормаган бўлса керак деб ўйлайман, Булоқбоши туманида бир қаватли, дарчалардан кириладиган мактабларга бориб ўтказганмиз.
Бу иш янгилик бўлсин, таълим тизимига фойдаси тегсин деб қилгандим. Ўша ерда қилган ҳамма тадқиқот ишларим, тажриба синовларим натижалари қолиб кетганди. Ҳаммаси қўлёзма вариантда эди, ўтириб кейин йиғладим, бир йиллик меҳнат эмас эди. Бу мавзуда тадқиқот иши олиб боришни 2011 йилда бошлаганман. 9 йилдан бери олиб бораётган ишларимни меваси эди у ва тўлиқ электронга туширмаган эдик. Диссертация тугаган бўлса ҳам, уни тажриба синов қисмини ҳисоб-китоблари, яъни, статистика қисми қолганди.
Шунда ўйладимки, инсон нимага кўп меҳнати синган бўлса, нимага кўп вақтини сарфлаган бўлса, ўша нарса у инсон учун қадрли. Ким учундир уй-жой, ким учундир қолиб кетган кийимлари, ким учундир тилла буюмлари, ким учундир пул, мен топган нарсам ўша қоғозлар бўлган экан.
Ўша куни қариндошларимизникига бордик, давлат томонидан ёрдам берилди. 6 май куни қишлоғимизга қайтиб кириб келдик. Ҳамма эмас, фақатгина ёшлар, чунки йўллар қўпорилиб кетган, нечадир километр пиёда юриш керак, лой. Катта юк машинасини кабинасига 2 нафар аёл ўтирдик ва орқада 20 дан ошиқ йигитлар. Кириб бордик маҳаллага, оёғимизда резина этиклар, устимизда куртка, бошимизда целлофан ёпганмиз, чунки ёмғир ёғаётганди. Тахминан маҳалламизга 3 км қолганида уёғига юриш имконсиз эди, пиёда юриб бордик. Лой, оёғингизни боссангиз қайтиб кўтара олмайсиз.
«Уруш бўлаётганга ўхшайди»
Кириб бораяпмиз маҳалламизга, бутун республикадаги ҳарбийлар, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари, ҳаммаси ўша ерда. Уруш бўлаётганга ўхшайди. Ҳар битта уйда 15−20 кишилик ҳарбий гуруҳлар жойлаштирилган, уйни тартибга солиш, кимнидир нимадури йўқолмаслигини назоратга олиш учун жойлаштирилган.
Энг ичкариги хонамизда китоб жавонимиз бўларди, ўша мени хонам. Китоб жавонда тадқиқот ишларим, қўлёзмалар турганди. Ичкарига деразадан кирдик, чунки ҳовли бир метр сув эди, кирганим сари ҳарбийлар «кирманг, устингизга нимадур йиқилиб кетиши мумкин» дейишди. Уйда юриш жуда ҳам қийин, 2 қарич лой кириб қолган. Бир ҳарбий йигит «келинойи сандиқчангизни топиб олдим» деди. Мени хаёлим сандиқда эмас, хаёлим телевизор ёки пулда эмас, хаёлим ўша китоб жавонга киришим керак.
Қўлёзмаларни олаяпман ярми хўл, ярими лой. Озгина китобларимиз қолган, раҳматли боболаримиз ўз қўллари билан терига ёзган қўлёзма Қурьонларимиз бор эди, улар энг тепада эди, шунинг учун сув тегмаган. Ўртадаги полкаларга қўйилган қоғозларим хўл, олиб йиғлаб ўтирибман, ҳарбийлар мени юпатишни ҳам билмайди, кулишни ҳам билмайди. «Опа қизиқ экансиз, нечта хонадонга кирдик, аёллар сандиғига, латта-путтасига, қимматбаҳо буюмларига тармашаяпти, сиз сувда ивиган китобларга қараб йиғлаяпсизми», деяпти. «Буни тушунмайсиз, чунки сиз бу нарсалар учун вақт сарфламагансиз, сизни соҳангиз, мутахассислигингиз бошқа», дедим. Мен ўша қўлёзмаларни олиб чиқдим, тўғри ўқиб бўлмайди, 6 кун сувда қолган нарсани ҳидига ҳам чидаб бўлмайди, лекин унга ҳам мени меҳнатим кетган.
Олтита целлофанга солиб олиб чиқдим, ўзи у ерда юриш имконсиз. Иккита кўча нарида бир дўкончи қариндошимиз бор эди, Янгиер шаҳрига, уйдагилар билан турган жойимизга олиб кетайлик десам, хатто улар ҳам кулаяпти. «Нима қиласан хўл бўлган, ўқиб бўлмайдиган қоғозларни, ундан кўра керакли, ишлата оладиган нарсани олиб чиқайлик» деяпти. «Илтимос шуни олиб чиқиб беринг, бошқа ҳеч нарса керак эмас», дедим.
Вақтинча турган жойимизга қайтиб келдим, қоғозларни ювдик. Ишлатиб бўлмайди, ҳидига чидаб бўлмайди. Лекин ювиб, битталаб қуритдик, меҳнатингиз бўлгани учун ичингиз ачир экан (йиғлаб сўзлаб берди). Кўпини олиб ҳам қўйганман, сарғайиб ётибди.
«Ўзбекистонни ҳарбий куч-қудратига тан бердим»
15 майга қадар у ерда шунақанги катта ишлар амалга оширилди, агар республика миқёсида бу жараёнга ёрдам берилмаганда, биз у 15 кунда қилинган ишни бир йилда ҳам қила олмас эдик. Тартибга солиш, сувни ҳайдаб чиқариш… Инсонлар шунақа бир-бирига ёрдам бераяпти, у ерда ичимлик суви йўқ, бошида овқатланишга ҳам имкон йўқ эди, чунки озиқ-овқат олиб ўтиш учун йўлнинг ўзи йўқ эди-да.
Ҳарбийлар шу даражада ҳаракат қилишди, ўшанда Ўзбекистонни ҳарбий куч-қудратига ҳам тан бердим. Ҳарбий дегани қўлида қурол билан урушга кириш дегани эмас, балки инсоний хислар билан ёрдам бериш. Нимадиримизни топиб олишса, олиб келиб ёрдам беришди, мен бу ёрдамларни ҳеч қачон унутмайман. Ҳар доим дуо қилиб, келажакда ҳам қўлимдан келса шу инсонларга ёрдам берган бўлар эдим.
15 май куни юртбошимиз билан бўлган суҳбатга киришимизни айтишди. Хатто тадбирга кийиб боришга кийимимиз йўқ, чунки оддий кийимда сувдан қолганмиз. Аёллар байрам ёки тўйга борса ҳам ясанишга, бўянишга ҳаракат қилишади. Бир кун олдин маҳаллани аёллари майли нима бўлса ҳам, президент билан бир марта кўришсак етади, деб гапиришаяпти.
Давлат раҳбари сув тошқини, амалга оширилаётган ишлар бўйича гапирдилар. 2−3 қаторда ўтирган эдим, шунақанги далда бераяптилар, эшитаяпмиз ва йиғлаяпмиз. «Мана шунақанги шароит қилиб бераман, кун келиб сув тошган кунни эслаганларингда оғриқ, ачиниш билан эмас, балки қувонч бўлади», деган маънода самимий дилдан гапирдилар. Ва шу ишларнинг ҳамма натижасини кўрдик.
«Президентимиз докторлик дипломи берилишини эълон қилди»
Президент қанақа фикрлар борлигини сўрадилар, одамлар сўзга чиқди. Навбат менга келди, оддий бир докторант сифатида ўша вақтда кўзимга «тадқиқот ишим ва фарзандим» кўринганини айтдим. Президентимиз ўша жойнинг ўзида докторлик дипломи берилишини эълон қилдилар. Бу тушимми, ўнгимми, қанчалик ҳақиқат тушунмай қоларкансиз. Сизни чуқурликдан олиб, сизни юксакликка кўтариб қўйиш қандай бўлади, худди шундай жараён. Улар гапираяптилар, мен раҳмат айтиб, йиғлаяпман.
Шавкат Мирзиёевнинг мирзаободликлар билан учрашуви, 2020 йил 15 май.
Билмадим, балки ким учундир моддий неъматлар, имкониятлар муҳимдир, лекин менга қилган ишимни натижаси, меҳнатим самараси кўпроқ муҳим. Мана шундай оғир вазиятда, у ерда моддий эҳтиёжга кўпроқ эътибор берилиши керак бўлган вақтда ҳам Ўзбекистоннинг четроғидаги битта қишлоқнинг оддий бир қизи учун берилган имконият бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди. Юртбошимиз буларга кўпроқ сув, озиқ-овқат, моддий неъматлар керак демай, илм-фанга ҳам эътибор беришлари эътирофга лойиқ.
Тадбирдан чиқиб, уйга қараб югуриб кетаяпман. Борсам, уйда тозалаш ишлари ҳали ҳам давом этаяпти. Акаларимга «табрикланг, мен доктор бўлдим», десам, улар ҳайрон «қачон, қаерда доктор бўлдинг», дейишди. «Ҳозир президентимиз билан суҳбатлашдим, улар менга докторлик унвонини бердилар», десам, акам йиғлаб юбордилар. Чунки улар мен буни қанчалик хоҳлаганимни ва қанча меҳнат сарфлаганимни билади.
18 май куни Гулистон давлат университетида Ўзбекистонда илк маротаба онлайн, масофадан туриб, докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Ҳали Ўзбекистон учун кўп ишлар қила олмаган, мақсади фақатгина ўқиш бўлган, оддий докторант қиз учун бу жуда ҳам катта эътибор. Нафақат менга, бу илм аҳлига бўлган эътибор деб ўйлайман, лекин бу мени мисолимда бўлди.
«Президент — кадрларнинг ихтирочилари»
Шавкат Мирзиёевнинг сирдарёликлар билан сайловолди учрашуви, 2021 йил 13 октябр. Фото: Камола Аброрхонванинг шахсий архивидан.
Сув омбори ўпирилганидан кейин орадан 5 ой ўтиб, президент бўлиб ўтган ишлар натижасини кўриш учун яна келдилар. Тадбирга кириб келдилар, биринчи қаторда ўтирган эдим, «Ие, доктор қизим шу ерда-ку» деб гапирдилар. Биласизми беш ой ўтиб, шунчалик кўп одамни кўриб, яна мени эсда қолдирганликлари ростдан ҳам қувонарли ҳолат.
Президент 2021 йил 13 октябрда сайловолди дастури билан Сирдарё вилоятига ташриф буюрганларида яна учрашдик. Суҳбат жараёнида 20−30 дан ортиқ фуқароларнинг ҳар бирини дарди, фикри ва таклифларини эшитдилар. Вақт ўтиб кетаяпти, балки уларнинг фаолиятлари аниқ вақт режимига асослангандир, лекин ҳеч қандай вақтга қаралмади. Ҳеч кимнинг фикри четда қолмади, ҳаммасига муносабат билдирдилар.
Тадбир сўнгида бирга суратга тушдик. Суратни чиқариб, хонамга ҳам илиб қўйганман, яхши кунлардан эсдалик ва ҳар доим президентимга берган ваъдамни эслатиб туради. Кимдирнинг хоббиси дам олиш, саёҳатга чиқиш бўлиши мумкин. Лекин бизнинг фаолиятимиз ҳам, хоббийимиз ҳам таълим. Танишларимиз «таълим учун яратилгансан», деб кулиб қўйишади. Мен бундан фахрланаман.
Кимё фани ўқитувчиси қанақадир янги бир модда кашф қилади, шифокор бўлса қанақадир бир касалликнинг давосини ихтиро қилади. Юртбошимиз ҳар бир тадбирларида, ҳар бир учрашувларида янги бир кадрларни, янги бир фуқароларни кашф этадилар. Юртбошимизни — мутахассисларнинг ихтирочилари деб биламан. Чунки, йўқ жойдан ҳам ёки озгина бўлса ҳам имконият ва шароити бўлган жойдан уни қўллаб-қувватлаб, имконият бериб, янги кадр ихтиро қилаяптилар. Мана биз улардан куч олиб, қанча ёшлар билимли бўлишига ўзимизни кучимиз, меҳнатимизни сарфлаяпмиз.
«Сув омбори ёрилиши ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди»
2020 йил 2 июлдан бошлаб Низомий номидаги Тошкент педагогика университети Бошланғич таълим педагогикаси кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқдаман. Кафедрада 35 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи фаолият олиб боради. Улар фан докторлари, профессор, доцентлар ҳаммаси бир аҳил жамоа сифатида, уларни ёши мендан катта бўлишига қарамасдан биргаликда фаолият олиб борамиз. Бошланғич таълим факультетида 2300 дан зиёд талаба ўқийди. Жуда кўп талабамиз, кундузги, кечки, сиртқи, иккинчи мутахассислик йўналишларида — педагоглар 3 сменада дарс берадилар.
Ишимдан завқланаман. Чунки, кичкиналигимдан ўзи ўқитувчи бўлишни хоҳлаганман. Энг ўзимни хотиржам ҳис қиладиган жойим бу — ўқув хонаси. Иш бошлаганимда биринчи бериладиган савол «Устоз биз сизни телевизорда кўрганмиз, сиз ўша докторлик дипломини олган ўқитувчисиз, а?» дейишарди ва шуни айтиб бермагунимча қўйишмас эди. Дарсда зўр ўтирсанглар, фаол иштирок этсанглар ва фан тугагунча дарс қолдирмайман деб ваъда берсанглар айтиб бераман, деб шарт қўяр эдим ва кейин айтиб берардим.
Мана 2 йил ўтди, ортга қарасак, сув омбори ёрилиши ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Халқимиз ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор дейди. Менимча ҳамма қувонч билан эслайди. Қайси фуқарога нима керак бўлса, ҳамма шароит олдингидан кўпроқ қилиб ташкиллаштириб берилди. Йўлларимиз равон бўлди, коммунал хизматлар яхшиланди, ҳаммага уй-жой қуриб берилди. 40 млн сўмдан пул берилди, тўлиқ маиший техника билан таъминланди, музлатгич, телевизор, кирмошинагача. Мактаб, боғчалар таъмирланди.
«Фуқароларимиз ҳеч нима ютқазмади»
Менимча маҳалламиз, фуқароларимиз ҳеч нима ютқазмади. Улар фақат ҳаётни бир мартасига янгидан бошлашди. Бир тонг, бир неча соат ва ўтган 3 ой — майдан то августгача қайта ҳаёт бошлашди. Ўзбек халқи қачон хотиржам бўлса, пули, ҳамма нарсаси етарли бўлса, у тўй қилади. Биз ўзимиз ҳам тўй қилдик, укамни уйлантирдик, синглимни узатдик. Кўнглимизга шу нарса сиғди. Чунки биз хотиржам эдик. Маҳалламизда жуда кўплаб тўйлар бўлди, кўпчилик берилган пулларга янги автомобиллар сотиб олишди.
Синовга сабр қилиш керак экан, мана халқ ўша вақтда сабр қилгани учун ҳар жабҳада шунчалик эъзозланди, қадрланди. Бемалол айта оламан, ҳозир ҳеч ким ўша жараённи қайғу билан эсламайди. Чунки биз ортиғи билан олдингиданда яхши ҳаёт кечираяпмиз. Хатто бир хил курсдошларим «эссиз, мен ҳам Сардобада турмаган эканман» деб ҳазллашганлари ҳам бўлди.
Бир кишининг кўнглини шод қилиш Кабани зиёрат қилиш билан тенг. У ерда бир эмас, минглаб, 10 минглаб, 100 минглаб инсонлар бор эди. Боғча болаларидан уйни сенга ким берди деб сўранг, «менга бу уйни президентим берди», дейди. Ҳали кўрмаган, суҳбатлашмаган, лекин у президентини шу даражада меҳрибонликларини ҳис қилган. Чунки унга бошпана беришди. У кўчада қолмади, у ўзи қийналиб, уй-жой қилмади, 3 ойни ичида янги шинам ҳовлилар, ҳамма жиҳозлари етарли уйлар, гумбура-қарс қилиб, қуриб беришди.
«Доцент илмий унвонини олдим»
Менга берилган ишончни оқлашга ҳаракат қилиб, фаолият олиб бормоқдаман. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига ҳам аъзо бўлдим. Яқинда, бундан икки ой олдин доцент илмий унвонини олдим. Менимча Ўзбекистондаги энг ёш доцентлардан бириман.
Ёшларга берадиган тавсиям ҳаётда ҳеч қачон йўқотишлардан қўрқмаслик керак. Қайсидир жабҳада сиз нимадирни йўқотдингизми, унинг ўрнини меҳнатингиз, билимингиз, сабр-тоқатингиз, ўз фидоийлигингиз билан бунданда юксакроқ даражага олиб чиқишингиз мумкин. Кўпроқ китоб ўқиш керак, ўзининг соҳасини мутахассиси бўлиши керак.